Афғонистон жанубидаги энг йирик шаҳар Қандаҳор ҳокимияти қўғирчоқларни сотишни тақиқлади. Бу ҳақда Афгҳанистан International портали хабар бермоқда.

“Толибон ҳукуматининг эзгуликни тарғиб қилиш ва ёмонликнинг олдини олиш вазирлиги бир қатор ўйинчоқлар, жумладан қўғирчоқларни сотишни ҳаром деб эълон қилди”, дейилади хабарда.
Тақиқнинг сабаби толибонларнинг қўғирчоқларни исломда гуноҳ ҳисобланган бутларга ўхшатиши бўлиши мумкин. Шаҳар ҳокимлиги тақиқланган маҳсулотларни зудлик билан дўконлардан олиб ташлашни буюрган.
Қандаҳорда Афғонистон олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг қароргоҳи жойлашган. Шаҳар яқин вақтгача аҳоли сони бўйича Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳри эди.
Июнь ойи бошида Афғонистоннинг Лағмон вилояти ҳокимияти оммавий ахборот воситаларида одамлар, ҳайвонлар ва бошқа ҳар қандай жонзотларни тасвирлашни тақиқлаган эди. Бу қоидалар Афғонистоннинг яна 18 вилоятида - мамлакатнинг жами 34 минтақасида жорий этилган.
Сўнгги тўрт йил ичида “Толибон” мамлакатда кўнгилочар ва спорт тадбирларига чекловларни сезиларли даражада кучайтирди. Масалан, “Толибон” спорт бошқармаси Афғонистон шахмат федерацияси фаолиятини тўхтатиб, шахмат ўйинини “тақиқланган” деб эълон қилганди.
Бундан аввал Афғонистон жамоат жойларида кийиниш қоидаларига амал қилмаган аёллар ҳибсга олинаётгани хабар қилинганди.
Июнь ойида “Толибон” Термиздаги афғон-ўзбек чегарасидаги умумий бозорга 40 ёшгача бўлган аёлларни киритмаслик тўғрисида низом чиқарганди.
Изоҳ (0)