Жанубий Корея президенти Ли Же Мёнг 18 август куни ҳукумат йиғилишида вазирликларга Шимолий Корея билан мавжуд келишувларни босқичма-босқич тиклашга буйруқ берди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга таяниб, Al Arabiya хабар берди.

Президент аниқ қайси келишувлар назарда тутилаётганини очиқламаган. Бироқ у 15 август куни Сеул 2018 йилда имзолаган, аммо кейинчалик бекор қилинган чегара ҳудудидаги ҳарбий фаолиятни қисқартиришга доир битимни қайта тиклаш ниятида эканини билдирганди.
“Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатлар бизнинг миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ҳамда тез ўзгараётган ташқи шароитларда дипломатик имкониятларимизни кенгайтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга”, деди Ли кабинет йиғилишида.
У вазирликлардан икки давлат ўртасидаги мавжуд битимларини имкони борича тўхтатган жойидан босқичма-босқич амалга оширишни сўрамоқда.
Маълумот учун, Жанубий Корея собиқ президенти Мун Же Ин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 2018 йилда икки мамлакат чегарасида зиддиятларни юмшатишга қаратилган келишув имзоланган эди. Бироқ кейинги йилларда Пхеньян томонидан ядро ва ракета синовларининг давом эттирилиши ҳамда халқаро санкциялар сабаб бу битим амалда бузилган. Жанубий ва Шимолий Корея Иккинчи жаҳон урушидан кейин бўлиниб кетган бўлса-да, улар расмий равишда ҳануз уруш ҳолатида — 1950–1953 йиллардаги Корея уруши сулҳ битими билан тугаган, аммо тинчлик шартномаси имзоланиши амалга ошмаган.
Ли Же Мёнг июнь ойида президентлик лавозимини эгаллагач, Пхеньян билан музокараларни қайта тиклашга интилиб келмоқда. Аммо Шимолий Корея расмийлари жануб президентининг ташаббусларини ҳозирча рад этиб келади. Жанибий Кореянинг амалдаги ҳукумати бугунга қадар КХДР билан бевосита мулоқот ўтказмаган. Таҳлилчиларнинг фикрича, Ли Же Мёнгнинг ташаббуслари Шимолни кескинликни камайтиришга ундаши мумкин, аммо Пхеньян ядровий дастуридан воз кечмаган бир пайтда жараён мураккаб бўлиб қолмоқда.
Изоҳ (0)