Jons Hopkins университети олимлари пробиркада нолдан ҳақиқий тирик мияни етиштиришга эришди. Бу ҳақда Popular Mechaниcс хабар берди.

Миянинг катталиги тахминан 40 кунлик эмбрион мияси даражасига тўғри келади. Илгари мия қисмларининг “модели” яратилган бўлса, бу сафар илк бор тўлақонли, фақат кичик мия ўстирилди. Унда 6–7 миллион нейрон мавжуд, инсон миясида эса ўнлаб миллиард нейрон бор.
Бу ютуқ асаб тизими касалликларини, жумладан, аутизм каби патологияларни чуқурроқ ўрганишни кучайтириши кутилмоқда.
Биз мия органоидларининг янги авлодини яратишга эришдик. Одатда илмий адабиётларда келтирилган намуналар миянинг фақат алоҳида қисмларини, масалан, катта ярим шарлар пўстлоғини, миянинг орқа ёки ўрта қисмини қамраб оларди. Биз эса бутун органнинг ибтидоий нусхасини етиштирдик ва уни кўп минтақали мия органоиди (МРБО) деб атадик, деб тушунтирди лойиҳа раҳбари Энни Катурия.
Бутун мияни шакллантириш учун Катурия жамоаси аввал лаборатория пробиркаларида миянинг турли соҳаларидан олинган нерв ҳужайраларини ва қон томир тўқимасини алоҳида-алоҳида ўстирган. Шундан сўнг олимлар биологик жиҳатдан “елим” вазифасини бажарувчи махсус оқсил молекулалари ёрдамида ушбу таркибий қисмларни бирлаштирди. Тўқималар қўшила бошлагач, улар электр фаоллигини намоён этиб, ҳақиқий ҳужайралар тармоғи каби ишлашни бошлаган.
Кашфиётнинг асосий мақсади — дори синовларининг муваффақият даражасини ошириш. Чунки клиник синовларнинг биринчи босқичида дорилар ҳайвонларда синовдан ўтказилади. Натижалар инсон организмига ҳар доим ҳам тўлиқ мос келмайди.
Шизофрения, аутизм ва Алцгеймер каби касалликлар миянинг фақат бир қисмига эмас, балки бутун мияга таъсир кўрсатади. Агар биз ривожланишнинг илк босқичларида нимадир нотўғри кетишини тушуна олсак, дори синовлари учун янги нишонларни топишимиз мумкин бўлади, деди Катурия.
Изоҳ (0)