Ливан марказий банки барча лицензияланган молия институтларига “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор молиявий муассаса – Ал-Қард Ал-Ҳассан билан ишлашни тақиқлади. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Банкнинг бу қарори “Ҳизбуллоҳ”нинг давлат ишларига таъсири пасайганидан далолат бермоқда. Гуруҳ Исроил билан урушдан кейин кучайиб бораётган босимга, жумладан, молиявий босимга дуч келган.
Reuters нашрининг таъкидлашича, 14 июль куни эълон қилинган баёнотда Ливан марказий банки мамлакатдаги барча лицензияланган молия институтларига лицензиясиз ташкилотлар билан тўғридан-тўғри ёки билвосита алоқада бўлишни тақиқлаган. Улар қаторида “Ҳизбуллоҳ”нинг Ал-Қард Ал-Ҳассан ташкилоти ҳам бор.
АҚШнинг юқори мартабали дипломати банк қарорига “тўғри йўналишдаги қадам” деб баҳо берган.
“Марказий банк назорати остида Ливандаги барча молиявий ташкилотларнинг шаффофлиги ва мувофиқлашуви муҳим ютуқдир”, деди АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак.
АҚШ Молия вазирлиги 2007 йилда Ал-Қард Ал-Ҳассанга қарши санкция киритган. Ўша пайтда, “Ҳизбуллоҳ” ундан молиявий фаолиятни бошқариш ва халқаро молия тизимига кириш учун ниқоб сифатида фойдалангани даъво қилинганди.
Қудратли қурол-яроғлари билан машҳур “Ҳизбуллоҳ” узоқ вақтдан бери Ливан давлат ишларига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб келган. Аммо у февраль ойида Исроил билан урушдан кейинги ҳукуматни шакллантиришда ўз таъсирини ўтказа олмай қолган.
Ал-Қард ал-Ҳассан 1983 йилда ташкил этилган. Ташкилот ўзини фоизларни тақиқловчи исломий қарз берувчи хайрия ташкилоти сифатида кўради. Исроил 2024 йили “Ҳизбуллоҳ” билан уруш пайтида ташкилотнинг баъзи филиалларига зарба берган.
Ушбу молиявий муассаса Ливан ҳукумати томонидан берилган лицензия бўйича нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритади. Унинг 30 дан ортиқ филиаллари бўлиб, улар Байрут, жанубий Ливан ва Бекаа водийсининг асосан шиа мусулмон ҳудудларида жойлашган.
Изоҳ (0)