Шоирнинг шеъридан рухсатсиз фойдаланган яна бир хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев жаримага тортилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Келтирилишича, Адлия вазирлиги томонидан муаллиф Шохрух Абдувохидовга тегишли бўлган “Юрак”, “Мени деб оқарди сочларинг она”, “Кўзларингни қизғанма мендан” ва “Барчасини Худога солдим” номли шеърлар ижрочи Жалолиддин Аҳмадалиев томонидан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда шартнома тузмасдан фойдаланилгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилди.
Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Данғара туман судининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддасининг биринчи қисми билан жарима жазоси тайинланди.
Маълумот учун, қонунчиликка мувофиқ муаллиф ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.
Хонанда 2022 йилда ҳам муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланиб, “Айёр дўстларим” қўшиғининг шеъри муаллифига 26 млн сўм жарима тўлаган эди.
Муаллифлик ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ бошқа ҳолатлар
19 июнда шоирнинг шеъридан рухсатсиз фойдаланган яна бир хонанда Фаррух Хамраев жаримага тортилганди. Хонанда Феруза Каримова қўшиқ ижросида шеърдан рухсатсиз фойдалангани учун муаллифга 40 миллион сўмдан ортиқ пул тўлаши белгиланганди. Райҳоннинг “Яхшимасми” қўшиғида шеърдан муаллиф рухсатисиз фойдаланилгани аниқланганди. Манзура ва Муроджон Йўлдошев “Азизим” қўшиғини муаллиф рухсатисиз куйлагани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)