Исроил кучлари ҲАМАСнинг 2023 йилдаги ҳужумидан бери Ғазо секторида сақланаётган 3 нафар асирнинг жасадини қайтариб олди. Яҳудий армияси сектордаги 30 дан ортиқ фаластинликни ўлдирди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Исроил армияси 22 июнь куни Офра Кейдар, Ёнатан Самерано ва аскар Шай Левинсоннинг жасадлари махсус операция натижасида қайтариб олинганини айтган.
Исроилга кўра, ҲАМАС бошчилигида яҳудий давлати жанубига уюштирилган ҳужумда 1100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 250 га яқини асирга олинган. Уларнинг камида 50 нафари Ғазода қолмоқда ва 20 нафари тирик. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 22 июнь куни мамлакатнинг Эрон билан давом этаётган уруши Ғазодаги урушда ғалаба қозонишга ва асирларни қайтаришга ёрдам беришини билдирган.
“Биз ўз мақсадларимизга қадамма-қадам яқинлашмоқдамиз: ҲАМАСни мағлуб этиб, гаровга олинганларни уйга қайтармоқдамиз. Ишончим комилки, Эрондаги операция Ғазодаги мақсадимизга эришишимизга ёрдам бермоқда”, дейди Нетаньяху.
ҲАМАС Ғазодаги урушни бутунлай тўхтатиш, Исроил қўшинларини эксклавдан тўлиқ олиб чиқиш ва Исроил қамоқхоналаридаги барча фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига барча исроиллик асирларни озод қилишга тайёрлигини бир неча бор айтганди.
Нетаньяху ушбу шартларни рад этиб, Ғазо секторига қарши урушини давом эттирган. Ҳозиргача Исроил ҳужумлари оқибатида секторда 56 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, аксарият давлатлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳлари буни геноцид ва шафқатсиз ҳужум деб атаган. Май ойида АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланган Ғазо гуманитар жамғармаси ёрдам тарқатишни бошлаганидан бери Ғазо секторида 400 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, 2000 га яқин киши яраланган.
Исроил қўшинлари 22 июнь тонгидан бери камида 33 нафар фаластинликни ўлдирган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса сўнгги 24 соат ичида камида 51 фаластинлик ҳалок бўлганини очиқлаган.
Исроил 2 ойлик сулҳни бузиб, Ғазога оммавий ҳужум бошлаган 18 мартдан бери камида 5647 фаластинлик ҳалок бўлган, 19 201 нафари яраланган. Рим папаси Лео XIV 22 июнь куни АҚШнинг Эронга зарбалари сабабли Ғазодаги гуманитар инқирозни унутмасликка чақирган.
Изоҳ (0)