Мажбурий ижро бюросидан салкам 19 миллиард сўм қарздорлиги мавжуд Хоразм вилояти ҳокимлиги қимматбаҳо автомобиллар харид қилмоқда. Бу ҳақда Telegramъдаги “Ревизор.уз” канали хабар тарқатди.
Маълум бўлишича, вилоят ҳокимлиги 2025 йилнинг 4 июнь куни UzAutoMotors АЖнинг ҳудуддаги вакили билан учта шартнома имзолаб, Traverse ва Malibu-2 автомобилларини харид қилишга киришган.
Жумладан, ҳокимлик шартномага кўра, расмий диллерга иккита Traverse премиэр-2 автомашинаси ва 1 дона Malibu-2 автомобиллари учун 1 миллиард 734 миллион 462 минг сўм маблағ тўлаб беради.
Қимматбаҳо автомобиллар харидини амалга ошираётган ҳокимликнинг МИБдан 18 миллиард 813 миллион сўм қарздорлиги мавжуд.
“Дарё” журналисти билан суҳбатда бўлган Хоразм вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Одилбек Адамбоев мазкур автомобиллар айнан кимлар учун, қайси лавозимдаги кадрлар учун харид қилинаётганидан бехабар эканини айтди. Шунингдек, у журналистнинг айни кунда вилоят ҳокимлигидаги хизмат автомобиллари сони нечта деган саволига ҳам аниқлик киритмади.
Бироқ тез орада батафсил маълумот беришини билдирди. “Бу ҳақдаги маълумотни кўриб, кейин айтсам бўлади”, дейди у.
Вилоят ҳокимлиги сайтидаги маълумотлар 2022 йилдаги ҳолат бўйича ахборот беради ва ўша даврда ҳокимлик балансида 15 та хизмат автомобиллари борлиги маълум қилинган.
Изоҳ (0)