Forbes журнали ҳар йили анъанавий тарзда тузиб борадиган энг бадавлат аёллар рейтингининг янги сонини эълон қилди. Бу рўйхатга нафақат молиявий жиҳатдан муваффақиятга эришган, балки ўз бизнес империяларини мустақил равишда барпо этган, ҳеч қандай мерос ёки катта оилавий капиталга эга бўлмаган аёллар киради. Улар орасида қурилиш, медиа, мода, косметика ва мусиқадан тортиб технологиягача бўлган соҳаларда етакчилик қилаётган машҳурлар ҳам бор.

Рўйхатда еттинчи йил кетма-кет етакчилик қилаётган аёл 77 ёшли Диана Ҳендрикс бўлиб, у АҚШдаги энг йирик қурилиш материаллари етказиб берувчи компания АBC Supplyʼнинг эгаси ва бош директоридир. Унинг капитали 22,3 миллиард долларга баҳоланган. Ҳендрикснинг бизнеси АҚШ бўйлаб минглаб иш ўринларини яратибгина қолмай, мамлакат иқтисодиётининг муҳим бўғинига айланган.

Фото: Lady.mail.ru
Диана ўз фаолиятини кичик оилавий бизнесдан бошлаган. Турмуш ўртоғи билан биргаликда 1982 йилда компанияни ташкил қилган ва у вафот этгач, бизнесни ёлғиз ўзи бошқаришни давом эттирган. Бугунги кунда АBC Supply 800 дан ортиқ филиалга эга.
Телебошловчи, актриса ва медиамагнат Опра Уинфри 3,1 миллиард доллар билан машҳур ва бой аёллар сегментида биринчи ўринда. У медиа компаниялари орқали катта муваффақиятга эришган. Опра нафақат шоу-бизнесда, балки хайрия ишлари, аёллар ҳуқуқлари ва таълим соҳасидаги фаол иштироки билан ҳам машҳур.

Фото: Genius.com
Рейтингда юқори ўринларни эгаллаб бораётган аёллардан яна бири Ким Кардашьяндир. Унинг Skims бренди йилига 900 миллион доллар даромад келтирмоқда. Ушбу бизнес унга 1,7 миллиард доллар бойлик билан 17-ўринга чиқишга имкон берди. Қизиқ томони шундаки, у ҳатто Тhе Eras Tour орқали 1,6 миллиард доллар ишлаб топган Тейлор Свифтни ортда қолдирди.
Рўйхатда қуйидаги машҳурлар ҳам бор:
- Рианна — 1,4 миллиард доллар: Fenty Beauty ва Savage Х Fenty брендлари орқали катта молиявий муваффақиятга эришган;
- Мадонна — 850 миллион доллар: санъатдаги узоқ йиллик фаолияти ва инвестициялари туфайли бойлик тўплаган;
- Бейонсе — 760 миллион доллар: мусиқа, мода ва турли бизнес лойиҳалардан даромад олмоқда.
- Селена Гомес, Кайли Женнер, Селин Дион ва Кети Перри ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олган.
Ўз меҳнати билан мустақил равишда энг бадавлат аёллар рўйхатини америкалик теннисчи Серена Уильямс 350 миллион доллар бойлик билан якунлади. У спорт соҳасидаги муваффақиятдан ташқари, технология стартапларига сармоя киритаётган фаол аёллардан бири ҳисобланади.
Изоҳ (0)