Интернет ривожлангач, машҳур бўлиш у қадар қийин бўлмай қолди. Бундай имконият шоу-бизнес вакилларига ҳам қўл келмоқда. Аввалгидек телевидение форматига қараб клип суратга олиш шарт эмас. Клипини сарф-харажатсиз интернет тармоғига жойлаб, яхши натижаларга эришганлар ҳам бисёр. Қуйидаги қаҳрамонларимиз ҳаётдан кўра, интернетда анча-мунча машҳурроқ.
Гулинур Эгамбердиева
Хонанда Гулинур Эгамбердиеванинг «Жўжи қоро» клипи YouTube’да уч ой мобайнида 14 миллион маротаба томоша қилинган. Хонанданинг клиплари интернетда кўп изланса-да, ҳаётда уни кўпчилик танимайди.
— Санъат бўйича ҳеч қаерда таҳсил олмаганман. Компьютер технологиялари бўйича ўқишни тамомлаб, тўйларга чиқишни бошлаганман. Бир нечта мусиқий асбобларни чалишни биламан, аммо уларни ҳам мустақил ўрганганман. 2013 йилдан мустақил ижодни бошлаганман. Кўпчилик йўналишингизни Жаноб Расулга ўхшатамиз, дейишади. Ҳақиқатан ўхшашлик бор, чунки иккимизнинг қўшиқларимизни бастакор Жамшид Аимбетов яратади. Оддийликни яхши кўраман, кундалик ҳаётда умуман пардоз қилмайман. Концерт дастурларида иштирок этмаганман, аммо Хоразм, Қорақалпоғистон ва Туркманистон тўйларида фаолман.
Эслатиб ўтамиз, хонанда Гулинур Эгамбердиева 1994 йил Хоразм вилоятида дунёга келган. Оилада икки қиз. Шу кунгача «Жўжи қоро», «Балиқчам», «Сан ўйна» ва «Попурри» каби клиплари YouTube’да бир неча миллион марта томоша қилинган. «Жўжи қоро» қўшиғи Хоразм шевасида «Кўзи қаро» деган маънони англатади.
Жаноб Расул
Бу хонанда ижодини интернет орқали изловчилар ниҳоятда кўп. Шу боис унинг клиплари YouTube’да рекорд натижаларни қайд этади. Масалан, «90-60» – 59 млн, «Ёмонсан» – 45 млн ва «Супер» клиплари 21 млн марта томоша қилинган.
— Ижодимни бошлаганимга 20 йилдан ошди. Фаолиятимни «Севинч» гуруҳида бошлаганман. Кейин устозим Озодбек Бекжоновнинг оқ фотиҳасини олиб, яккахон ижодни бошладим. Очиғи, якка ижод қилиш жуда қийин, айниқса, молиявий муаммолар имкониятларни чеклайди. Шунинг учун қўшиқ айтиш билан бирга бошқа хонандаларга мусиқа ёзиб бериш билан ҳам шуғулланардим. 2012 йилдан кейин тўйлардан топган даромадим сабаб ижодим аста ривожланган. Баъзан қўшиқларим бачканалиги, саёзлиги ҳақида кўп эшитаман. Аввалига мен ҳам кўплаб маъноли қўшиқлар яратганман. Аммо натижаси кутилганидек бўлмаган. Аммо «Captiva» қўшиғи сабаб ўн бир йил деганда қўшиқларим одамлар оғзига тушган, — дейди Жаноб Расул.
Эслатиб ўтамиз, хонанда 1987 йил 21 июнда Қорақалпоғистон республикасининг Беруний туманида туғилган. Унинг фамилияси Саитчанов, илк клипида Раж Капурнинг «Жаноб 420» фильмига тақлид қилган. Шундан кейин мухлислар унга Жаноб Расул тахаллусини беришган.
Осман Наврўзов
Хонанда Осман Наврўзов ўзбек шоу-бизнесидаги клипи YouTube’да энг кўп томоша қилинган хонанда ҳисобланади. Унинг «Любимая» клипи 90 млн, «Дўстим» қўшиғига ишланган клипи 20 млн марта томоша қилинган. Хонанда ўзига интернетда машҳурлик олиб келган «Любимая» қўшиғи ва клипини яратишда катта моддий қийинчиликларга учраганини айтади.
— Ижодимни 2013 йилда бошлаганман. Аммо у вақтларда фақат туркман тилида қўшиқ куйлардим. Тўйлар кам, топадиган даромадим ҳам ҳаминқадар эди. 2018 йили Россияда ижод қиладиган дўстим бир неча қўшиқларнинг ғоясини юборди. Улар ичида «Любимая» қўшиғи ёққанлиги учун уни сотиб олишга қарор қилдим. Уни Жамшид Аимбетовга олиб бордим. Аммо Жамшид аканинг меҳнат ҳаққи анча қиммат эди. У Жаноб Расулга кўп қўшиқлар ёзгани учун «Любимая» ҳам омадли келади, деб ўйлагандирман-да. Қўшиқ учун боримни тикдим. Ундан кейин клип оладиган бўлдик. Клип нархини келишгач, пул йиғишни бошладим. Суратга олиш ишларининг илк кунида иштирок этиб, Қорақалпоғистонга хизматга қайтдим. Тўйда қўшиқ айтаётган маъмур акамиз қўнғироқ қилиб: «Яна бир миллион сўм етмаяпти, харажатлар чиқиб қолди», деди. Асабим бузилиб кетди, чунки ҳақиқатан ҳам пулим йўқ эди. Ўшанда «Клип керак эмас, олганларингизни ўчириб ташланглар, берган пулимга розиман», дегандим. Аммо клип ўзбек санъатида менга омад олиб келди, — дейди Осман Наврўзов.
Муҳаммад Зиё
Муҳаммад Зиёнинг илк қўшиғи интернетда оммалашганида уни ҳеч ким санъаткор деб ўйламаганди. Чунки хонанданинг қўшиқ айтиш усули одамларда бошқача таассурот қолдирганди.
— Ижодни 12 ёшимдан бошлаб, тўй-ҳашамларда қўшиқлар айтиб юрардим. Глиер номидаги мусиқа мактабида таҳсил олиб, катта саҳнага интилганман. Айримлар ўйлагандек, осонликча санъаткор бўлганим йўқ. «Акахонларим»дан аввал бир нечта қўшиқларим омадсиз чиққан, ҳатто менга ёрдам қилмоқчи бўлганлар ҳам шартномани муддатидан аввал якунлашгач, қийин вазиятда қолган кунларим бўлган. Кўнглим чўкиб қолган пайтда отам қўллаб Malibu автомобилини олиб берганди. Шу боис кўпчилик мени бой деб ўйларди, аммо машинадан ортиқ қимматбаҳо нарсам йўқ эди. «Акахонларим» сабаб ниятларим амалга ошди. Албатта, қўшиқнинг оммалашишида ижтимоий тармоқларнинг ўрни бўлакча. Мен ҳаётдагидан кўра, интернетда машҳурроқ эдим. Ҳозир бу борада иккиси тенг.
Эслатиб ўтамиз, хонанда 1993 йил Андижон вилоятининг Марҳамат туманида дунёга келган. Ҳозирги кунда март ойида ўтказилиши режалаштирилган концерт дастурига тайёргарлик кўрмоқда. Хонанда ижодидаги «Гулжаҳон», «Акахонларим» ва «Сизда ҳам пул кўпайиб кетди» қўшиқлари YouTube’да яхши натижаларни қайд этган.
Жалолиддин Аҳмадалиев
Бу хонандани ҳақиқатан ҳам интернет юлдузи дейиш мумкин. Чунки у шу кунгача бирорта қўшиғини телевидение орқали намойиш этмаган. Бир неча қўшиқлари клипсиз ҳам мухлислар қалбини забт этган. «Ёр биздан кетди», «Менда қолмади дил» ва «Эҳ, жўралар» қўшиғи YouTube’да бир неча миллион марта томоша қилинган.
— Санъатга кириб келганимга кўп бўлгани йўқ. Тўғри, болаликдан қўшиқ куйлаганман, аммо ижод қилишга шароитим бўлмаган. Мактабни тамомлаб, акаларим билан Россияга ишлашга кетганман. Ўшанда 18 ёшда эдим. У ерда қурилиш, машина ювиш шохобчасида ишладим. Ундан кейин Ўзбекистонга қайтиб яна шу иш билан шуғулландим. Кейин дадамнинг талаби сабаб косибга шогирдликка тушдим. Икки йил косибчилик қилдим. Аммо заҳарли елим сабаб ошқозоним қаттиқ оғрийдиган бўлиб қолди. Аввалдан хонандаларга қўшиқлар ёзиб берганман, ҳозир ҳам илтимос қилганларга рад жавобини беролмайман. Интернетдаги машҳурлик — ҳаммаси Аллоҳдан. Бир пайтлар орзу қилган ижодкорларим билан бир саҳнада эканлигимга ва ўз тингловчиларим борлигига шукр қиламан, — дейди Жалолиддин Аҳмадалиев.
Эслатиб ўтамиз, хонанда 1992 йилнинг 12 сентябрь санасида Фарғона вилояти Данғара туманида таваллуд топган. Оилали, бир ўғил фарзанди бор.
Мавзуга доир:
- Битта клипидан 40 000 доллар даромад олган хонанда ким? YouTube’да энг кўп томоша қилинган ўзбек клиплари (видео)
- Рейтинг: YouTube’да энг кўп кўрилган ўзбек клиплари 10 талиги (видео)
- Даврон Кабулов кашф этган истеъдод Фарруҳ Фазел — бойнинг боласи эмаслиги, Россияда муҳожир бўлгани ва ижодидаги сокинлик сабаби ҳақида
- Россияда 3 йил ишлаган, собиқ косиб ва сантехник, бугун эса юлдуз. Қирқлар қишлоғидан чиққан хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев ҳақида (видео)
- «Бадавлат инсоннинг қизи ёки ўйнаши эмасман». «Бахт овчиси» сериалидаги Зуля — Барчин Ғофурова билан интервью
Изоҳ (0)