Microsoft компаниясига тегишли Skype мессенжери Хитойнинг дастурлар кўчириш сервисларидан, шу жумладан, Apple компаниясининг App Store дўконидан ўчирилди. Бу ҳақда, The New York Times нашрига асосланиб, Meduza хабар бермоқда.
Apple вакили 21 ноябрь куни Skype Хитойдаги App Store’дан ўчирилганини маълум қилди. Компания Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлигидан App Store’даги бир қатор VoIP-дастурлар мамлакат қонунларига мос келмаслиги ҳақида хабарнома олди. Шундан сўнг бу қарор қабул қилинди.
Microsoft вакили бу ҳолат вақтинча эканлигини таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, компания мессенжерни онлайн-дўконга тезроқ қайтариш устида ишламоқда.
Дўкондан ўчирилганига қарамай, мессенжер Хитой ҳудудида ишлашда давом этмоқда.
The New York Times нашри Skype ўчирилишини Хитой ҳукуматининг интернетни назоратга олишга яна бир уриниши билан тушунтирмоқда. Сентябрь ойида Хитойда Facebook компаниясига тегишли WhatsApp мессенжери вақтинчалик блокланган эди. Gmail, Facebook, Twitter ва Telegram сервислари ҳам блокланган эди. Бу сервислар шифрлашдан фойдаланади, бунинг натижасида Хитой махсус хизматлари фойдаланувчиларнинг хабарларини кузатишга қийналади.
Изоҳ (0)