Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан ўтказилаётган йиғилишда Шавкат Мирзиёев Хоразмни асосий драйверидан бири бўлган туризмни ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур қабул қилинишини айтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тушуми 3 йил давомида Хоразмнинг ўзида қолдирилади. Сайёҳларга бир йил давомида чекловсиз Хоразмга кириш учун “Ўзбекистон – менинг иккинчи уйим” виза тизими жорий қилинади.
Шу билан бирга, қатор туманларда меҳмонхоналар етишмаслиги қайд этилди. Эндиликда меҳмонхона ва дам олиш масканларини қуриш, мавжуд ўринларни кўпайтириш учун 7 йилга 2 йил имтиёзли давр билан 18 фоиз ставкада кредитлар берилади.
Шунингдек, Урганч шаҳрида “Лазги” ва “Авесто” музейларини ташкил қилиш таклиф қилинди. Яна бир имконият – хорижий сайёҳлар Хоразм таомларини севиб истеъмол қилади. Лекин бу таомларни на мамлакат ичида, на четда кўрсатиш учун ҳаракат, тарғибот қилинмаяпти.
Шу муносабат билан Хива шаҳрида 24 соат ишлайдиган ресторан, кафе ва овқат расталарини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.
Изоҳ (0)