Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг ёз фаслидаги илк ташрифини Сурхондарё вилоятидан бошлади. 1—2 июнь кунлари вилоятнинг бир қанча туманларида бўлиб, ўнлаб объектларни кўздан кечирган давлат раҳбарига бу гал ҳам маҳаллий журналистлар ҳамроҳ бўлди. Икки кунлик амалий ташрифни жойидан ёритиб борган «Дарё» мухбирлари қуйида эътиборга молик лаҳзалар муҳрланган репортажни ҳавола қилади.
601 гектар майдонга қурилаётган йирик лойиҳа
Президент ташрифнинг биринчи куни дастлаб Шеробод туманидаги қуёш фотоэлектр станцияси қуриладиган майдонга борди.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳа учун эълон қилинган икки босқичли тендерда БААнинг Masdar компанияси энг арзон тариф таклиф этиб, ғолиб бўлган. Лойиҳа доирасида ушбу компания томонидан қуввати 457 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 220 кВт кучланишли янги нимстанция ва «Сурхон» нимстанциясига уланиш учун 52 километрлик электр узатиш тармоғи барпо этилади.
«Ушбу фотоэлектр станция қурилиши натижасида Сурхондарёнинг ўзида йилига 340 миллион куб метр табиий газ тежалиб, камида 350 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади. Бу лойиҳани амалга ошириш кераклигини ҳаётнинг ўзи мажбур қиляпти. Шу боис ҳар бир киловатт-соат электр энергиясини 1,8 сент нархида сотиб олиш имконияти пайдо бўлиб, бу республикамиз ва вилоят иқтисодиёти учун жуда катта ютуқ ҳамда аҳолига енгилликдир. Умуман олганда, ушбу станциянинг барпо этилиши, унда ишлаб чиқариладиган электр энергияси ва янги инфратузилмалар вилоятнинг комплекс ривожланишига катта туртки бўлади», — деди Президент.
Таъкидланишича, қуёш фотоэлектр станцияси учун 601 гектар майдон ажратилган. Masdar компанияси 260 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилади. Станциянинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,04 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Иншоотни 2023 йилнинг кузигача ишга тушириш режалаштирилган.
Ташриф мобайнида Шавкат Мирзиёев қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши муносабати билан унинг пойдеворига капсула қўйди.
«Анорчилик бўйича анъана бор, лекин илм йўқ»
Биринчи рақамли вертолёт орқали иккинчи манзилга етиб борган давлат раҳбари Шерободдаги 43 гектарли анор боғида бўлди.
«Сардорбек Султонбек» МЧЖ томонидан туманнинг «Бўстон» маҳалласида ташкил этилган ушбу боғда 30 минг донадан зиёд қозоқи навли анор экилган. Кўчатлар бу йилдан ҳосилга кирди, анорлар август ойида пишиши кутилмоқда.
Президент шу ерда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали тадқиқотчилари ва анорчилик бўйича тажрибага эга мутахассислар билан учрашиб, суҳбатлашаркан, хусусан, шундай деди: «Бизда анорчилик бўйича анъана бор, лекин илм йўқ, китоб йўқ, лаборатория йўқ. Анор жайдари усулда етиштириляпти. Касалликдан ҳимоя қилишни ҳамма ҳам билмайди. Энг катта нарса — нав керак. Кейин шу навни хонадонларга киргазиш зарур. Анорчилик бўйича Фарғона мактаби бошқача бўлиши керак, Сурхондарё мактаби бошқача бўлиши керак. Иккита илм мактаби, икки хил рақобат бўлиши лозим».
Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга Сурхондарёда қишлоқ хўжалигини инновацион йўналтириш бўйича институт ташкил этиш, анор билан бирга лимон, хурмо етиштиришни кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
«Меҳнат бўлмаса, даромад бўлмайди»
Давлат раҳбарининг кортежи йўл-йўлакай туманнинг «Каттабоғ» маҳалласида анорчилик билан шуғулланаётган Абдураҳмон Каримов хонадонида ҳам тўхтади.
Президент кўп йиллик тажрибага эга тадбиркор-деҳқон билан мулоқот қиларкан, «Ҳеч қайси давлат, ҳеч қайси миллат меҳнатсиз ривожланмаган. Менинг энг катта ниятларимдан бири – сизга ўхшаган меҳнатсевар халқимизнинг барчасини меҳнатга даъват қилиш. Мана сизнинг ‘Абдураҳмон анорчи’, деган номингиз бекорга тарқалмаган, бу меҳнатингиз натижаси-да! Ўн, ўн беш йил олдин фаолиятингизни бошлаган пайтингизда сизга ҳеч ким ишонмаган-ку, тўғрими?!», — деди.
Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев устазода анорчининг оила аъзолари билан суҳбатлашди.
«Меҳнат бўлмаса, даромад бўлмайди. Шу ҳовлида, шу томорқада меҳнат қилганларингиз учун, раҳмат. Ўзи бутун дунёда меҳнат қилган одам ҳеч қачон хор бўлмайди. Ҳозир айтиб берган гаплари менга маъқул келди. Ҳар бир оила ўз меҳнати билан тинчликни яраца, ҳар бир хонадонни сизлардек меҳнат қилишга ўргатиб олганимизда эди, мамлакатда кам таъминланган оиланинг ўзи бўлмасди. Сизларга миннатдорчилик билдираман, илоҳим, фарзандларингиз камолини, невараларингиз бахтини кўринглар, соғ бўлинглар», — дея самимий хайрлашди Президент.
Шунингдек, давлат раҳбари маҳалла фаоллари, нуронийлар ва анорчиликнинг ҳадисини олган деҳқонлар билан ҳам мулоқот қилди.
«Ер камбағалликдан қутқаради, одамни боқади»
Президент «Шеробод агро импекс» МЧЖга қарашли 29 гектарлик замонавий иссиқхонани кўздан кечирди. Мазкур мажмуа 2020 йили ишга туширилган бўлиб, у ерда помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон каби бозорбоп маҳсулотлар етиштирилмоқда. Бу ерда 200 нафар маҳаллий ёшлар меҳнат қиляпти.
Шавкат Мирзиёев ушбу ҳудудда ташкил этилган «Шеробод анор импекс» корхонасида ҳам бўлди. 5 миллион долларлик мазкур лойиҳа натижасида анорни қадоқлаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилган. Ускуналар Жанубий Корея ва Словениядан келтирилган. Корхона 6 минг тонна қадоқлаш, 2 минг тонна анор шарбати ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 70 киши иш билан таъминланган.
Маълум қилинишича, анор меваси аҳоли ва боғдорчилик хўжаликларидан сотиб олинади. Анор бўлмаган пайтда корхона тўхтаб қолмайди. Мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини саралаб, бозорга чиқаради.
«Энди сектор раҳбарлари мутлақо бошқача иш тизимига ўтади. Давлатнинг вакиллари мана шундай катта кластерлар билан халқ ўртасида кўприк бўлади. Шерободда 74 та маҳалла бўлса, ҳар бирининг ичига киради, одамларнинг қизиқишига кўра, таклиф берилади. Маҳсулотни қабул қилиб олувчи кластерлар бозорни ўрганади, энг талаб юқори бўлган товарга буюртма беради. Томорқа – озиқ-овқат дегани, ер камбағалликдан қутқаради, ер одамни боқади, энг асосийси, тўғри тақсимотда», — деди давалат раҳбари.
Комбайнни бошқариб, ғалла ўрган Президент
Давлат раҳбари Ангор туманидаги «Ангор Сурхон ғурури» кластерида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди.
Ушбу кластернинг умумий ер майдони 11 минг гектардан кўп. Шунинг 4 минг 870 гектарида ғалла етиштирилмоқда. Бу йил Россиядан касалликларга чидамли ғалла навлари келтириб экилган. Гектарига 80 центнердан ҳосил олиш кутиляпти. 4 минг 656 гектарда пахта қўшқатор экилган. Калифорния усулида суғориш натижасида сув сарфини 50 фоизга тежашга эришилмоқда. Кластерда сабзавот ва дуккакли экинлар ҳам етиштирилади.
Президент соҳа мутахассислари билан суҳбатда пахтани қўшқатор усулда экишни жанубий ҳудудларда оммалаштириш ва бу орқали юқори ҳосил олиш мумкинлигини қайд этди.
Аҳамиятли жиҳати шуки, Шавкат Мирзиёев шу ерда комбайнни бошқариб, ғалла ўрди.
«Айритом»да журналистлар билан мулоқот
Кечки соат 19:30. Шавкат Мирзиёевнинг навбатдаги манзили Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ягона ўтказиш пункти ҳисобланган Термиз туманидаги «Айритом» чегара божхона пости бўлди.
Замонавий қиёфада қайта қурилган мазкур иншоотда Ўзбекистондан чиқиш ва Афғонистон томондан мамлакатга кириш йўналишида паспорт назорати ва божхона кўриги заллари барпо этилди. Чегара божхона пости «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастури доирасида энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган. «Айритом»да бирйўла уч хил — поезд, автотранспорт ва фуқароларга хизмат кўрсатилади. Мазкур божхона постида бир кеча-кундузда 2 минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатилиши мумкин.
«Бугунги ҳаётимизга бу маъқул. Лекин дунё соат сайин ўзгармоқда. Энди янги поғонага чиқиш керак. Бу ерда ситуацион марказ билан бирга таҳлил маркази ҳам бўлиши зарур. Иқтисодий манфаатдорликни ошириш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича янги таклифлар бериб бориш керак», — деди Президент.
Давлат раҳбари шу ерда журналистлар билан учрашиб, уларга интервью берди.
«Саволларга ўтишдан олдин, менга битта нарсани ваъда беришларинг керак: кўряпман, сизлар кўп ҳаракат қиляпсизлар, биз ҳаммамиз мана шу янги Ўзбекистонга масъул ва жавобгар эканимизни билишимиз керак.
Қаламларинг ўткир бўлишини, халқнинг юрагига етиб боришини, тарозининг икки палласини ҳам, албатта, эътиборга олишларинг керак. Кеча ким эдик, нималар қилгандик, қайси омилларни амалга оширгандик, нима камчиликларимиз бор эди? Одамларимизнинг турмуш даражаси, ислоҳотларга ишончи қандай ошяпти? Ҳамма қўяётган қадамларимиз, сизлар билан қилаётган очиқ мулоқотларимизнинг замири – халқимизга жойларда бўлаётган камчиликларимизни ҳам, ютуқларимизни ҳам рост-рўй етказиш. Бунда сизлар менга кўмакчисизлар», — деди Шавкат Мирзиёев ва сўнгра ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтарди.
75 миллион долларлик халқаро марказ
Шундан сўнг давлат раҳбари Термиз халқаро савдо маркази бош режаси билан танишди. 2022 йилда фойдаланишга топширилиши кутилаётган мажмуа учун Термиз туманидан 26 гектар майдон ажратилган. Умумий қиймати 75 миллион доллар бўлган марказда маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш мажмуалари қурилиб, савдо хизматлари йўлга қўйилади. Зарур инфратузилма тармоқлари барпо этилади.
Лойиҳага кўра, бу ерда 1 минг 800 та савдо нуқтаси, 50 минг тонна юк сиғимига эга логистика маркази, 400 ўринли иккита меҳмонхона, шифохоналар, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналари бўлиши мўлжалланган. Корпусларнинг биринчи қаватида савдо нуқталари, иккинчи қаватида енгил ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш кўзда тутилган. Марказнинг қурилиш ишларини бошлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 10 миллион доллар ажратилди.
Гиламчилик лойиҳаси маъқулланди
Президентнинг илк ташриф кунидаги сўнгги манзили Термиз шаҳридаги Afghan bazar carpets корхонаси бўлди. Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан Афғонистон тажрибаси асосида жундан гилам тўқиш лойиҳасини давлат раҳбари маъқуллаб, афғонистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, жундор қўй зотларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Шавкат Мирзиёев корхонада ишлаётган хотин-қизлар билан мулоқот қилди.
Мажмуада Silk road tex корхонаси ҳам ташкил этилади. Унда ипакли мато, ипакли тайёр маҳсулотлар, спорт ва йўл сумкалари ҳамда ипакли гилам ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Йилига 2 миллион долларликдан зиёд экспорт мақсад қилинган.
«Ҳамма кўрсаткичлар бўйича сизлар 14-ўринда»
Шавкат Мирзиёев ташрифнинг иккинчи кунини Ҳаким ат-Термизий мақбараси зиёратидан бошлади. Яратгандан юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилинди. Зиёлилар билан суҳбатда аллома боболаримизнинг маърифий меросини чуқур ўрганиш, ёшларни билимли ва фазилатли инсонлар этиб тарбиялаш ҳақида сўз юритилди.
Шундан сўнг Президент раислигида Сурхондарё вилояти фаоллари билан йиғилиш бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари вилоятни комплекс ривожлантириш, «маҳаллабай» тизимда аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича устувор вазифалар ҳақида гапирди. Сурхондарёни янада ривожлантириш учун давлат бюджетидан 1,9 триллион сўм ажратилганини таъкидлади.
Танқидий-таҳлилий руҳда кечган йиғилишда Президент вилоятдаги депутат ва мутасаддилар фаолиятига эътироз билдирди.
«Сурхондарёнинг энг олис ҳудудларидаги вазиятни ўзим яхши биламан. Кўмак нуқтаи назардан жуда катта маблағ билан келдик. Бу кичкина маблағ эмас. Қани жамоатчилик, қани депутатлар? Нима учун вилоятга 1,9 триллион сўм пул беряпмиз? Ижтимоий соҳага, йўлларга, узоқ жойларга 20 йил давомида бунча пул ажратмаганмиз. Назорати қани? Депутатларнинг овози қани? Сиёсатни ким амалга оширади? Халқ вакили бўлган, сиз депутатлар, амалга оширасизлар. Туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, депутатлар ўзини қийнаши керак. Агар қийнай олмаса, кетиши керак. Ёш, забардаст, фидойи, билимли кадрлар кириб келиши керак.
Афсуски, Сурхондарё кўрсатаётган натижалари мени қониқтирмайди. Мен ҳам туман ҳокими, вилоят ҳокими бўлганман. Бундай имкониятлар бўлмаган, пул ажратилмаган. Ахир ҳозир барча шароитлар яратиляпти-ку. Ҳамма кўрсаткичлар бўйича 14-ўринда сизлар, қандай қилиб кабинетга киряпсизлар? Бугун кечагидек яшашга ҳаққимиз йўқ. Туман раҳбарлари, тўртта сектор уйғонса, Сурхондарёда натижа бошқача бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда шаҳар ва туман студияларидаги аҳоли билан очиқ мулоқот бўлди, турли соҳа вакилларининг таклифлари эшитилди.
Президент мактаб ўқувчисига Spark совға қилди
2 июнь кунининг иккинчи ярмида Президент Термиз шаҳрида қурилган кўп қаватли уйларни бориб кўрди.
9 қаватли уйларда 208 та хонадон бўлиб, бу ерга илк оилалар кўчиб кела бошлади. Уларнинг айримлари хонадонларни давлат томонидан берилган имтиёзлар асосида олган. Давлат раҳбари шундай икки оила — Наргиза Раҳимова ҳамда Фарруҳ Эгамовнинг хонадонларида бўлиб, улар билан суҳбатлашди.
15 йилдан бери беморликнинг синовларини тортган Назира Раҳимованинг қизи Рухшона Абдураззоқова журналистларга берган интервьюсида Шавкат Мирзиёев ташрифи ҳақида шундай дейди: «Бу хонадонга кўчиб ўтганимизга 15 кун бўлди. Барча шароитлари бор, замонавий жиҳозлари билан берилди. Давлат раҳбарининг уйимизга оталарча меҳр билан кириб келишлари мени жуда ҳам тўлқинлантириб юборди. Онажоним ўзи бетоб эдилар, давлат раҳбари онам ва менинг ҳолимдан хабар олгани келганларидан чексиз қувондик. ‘Мана, ёшларга яратилаётган имкониятларни ҳамма кўрсин, билсин, ёшларимиз ўқисин, ўргансин. Рухшонадек китобхон, истеъдодли ёшларимиз кўплигидан хурсандман’, дея вилоят ҳокимига Президент фондидан Spark автомашинаси совға қилишлари ҳақида топшириқ бердилар. Мен бундан жудаям хурсандман, келажакда ўз олдимга қўйган мақсадларимни амалда кўрсатиб, яхши натижаларга эришишга астойдил ҳаракат қиламан», — деди у.
Термиз шаҳридаги 1-сонли Ҳаким ат-Термизий номидаги ёш физик ва математиклар мактаб интернетининг 9-синфида таҳсил олаётган Рухшона Абдураззоқова 2018 йили Термиз шаҳрида «Ёш китобхон» республика кўрик-танловининг вилоят босқичида 10−14 ёшгача бўлган иштирокчилар орасида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичига йўл олган. 2020 йилда адабиёт йўналиши бўйича «Зулфия» номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. «Денов гулшани», «Ўзбекистон қизиман» каби шеърий китоблари нашр этилган.
Изоҳ (0)