Гулнора Каримова ноқонуний ўзлаштирган Швейцариядаги маблағлардан 95 миллион доллари Ўзбекистонга қайтарилган. Бу ҳақда 24 апрель куни Олмалиқ шаҳрида ўтказилаётган матбуот анжуманида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дарё” мухбири.
Масъулга кўра, мусодара қилинган 131 миллион долларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишувга эришилган. Айни пайтгача мамлакатга келиб тушган 87 миллион долларлик маблағлар соғлиқни сақлаш ва таълимга сарфланмоқда (ҳар бир соҳага 43,5 миллион доллардан).
Отабек Фозилкаримовнинг билдиришича, Гулнора Каримова ноқонуний ўзлаштирган Бельгиядаги маблағлардан 108 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилиши кутилмоқда. Бу бўйича музокаралар олиб бориляпти.
Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенскийнинг маълум қилишича, Швейцарияда мусодара қилинган жами 313 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилади.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Маҳл Гулнора Каримова ўғирлаган пуллар ўзбек халқига тегишли эканлигини айтди.
“Гулнора Каримова ўғирлаган пуллар ўзбек халқига тегишли. Шу боис мусодара қилинган маблағлар биринчи навбатда соғлиқни сақлаш ва таълимга йўналтирилмоқда”, дейди у.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, Швейцария ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида биринчи транш доирасида — 131 миллион доллар, иккинчи транш доирасида — 182 миллион доллар миқдоридаги маблағларни қайтариш бўйича келишувга эришилган. Маблағлар Реституция шартномасида белгиланган миқдорларда босқичма-босқич трансфер қилинади.
Куни кеча Гулнора Каримованинг қамоқдан озод қилингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов буни рад этди.
Изоҳ (0)