Президент раислигида инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Бу йил халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 5,2 миллиард долларлик ишлар бажарилиши режалаштирилган. Инвестицияларни ўзлаштиришда ҳалигача бюрократия кўплиги танқид қилинди.
Шу муносабат билан Бош вазир бошчилигида молия институтлари билан ишлаш бўйича алоҳида Фавқулодда штаб ташкил қилиниши белгиланди. Штаб ҳар бир лойиҳанинг ичига кириб, аниқ ишларни амалга оширади, ҳар ҳафта лойиҳама-лойиҳа муҳокама ўтказади.
2025 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан 1,1 миллиард доллар, Ислом тараққиёт банки билан эса 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Мутасаддиларга ушбу 2 та халқаро банк билан яқиндан ишлаб, туманма-туман юриб, тадбиркорлар билан давлат кафолатисиз қилиш мумкин бўлган лойиҳаларни кўпайтириш топширилди. Уларга аниқ масъуллар бириктирилади, маблағ жалб қилишда тадбиркорларга кўмаклашилади.
Мамлакатдаги 22 та эркин иқтисодий зонада ишга тушган 589 та корхона ўтган йили 42 триллион сўмлик маҳсулот чиқарган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг бор-йўғи 16 фоизи юқори технологияли товарлар ҳисобланади. Маҳсулотларнинг атиги 18 фоизи ташқи бозорларга сотилган, 372 та корхона умуман экспорт қилмаган.
Эркин иқтисодий зоналардаги корхоналар киритган сармоясига қараб имтиёз олмоқда. Лекин бу маблағлар таннархни пасайтириш, экспортга чиқиш учун хизмат қилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, энди фақат экспортга ишлайдиган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши белгиланди. Ушбу зоналарда хорижий брендлар билан юқори қийматли, ташқи бозорларда талаби бор маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Хорижий тажрибада ҳам бу ўзини оқлагани таъкидланди.
Бундай зонанинг биринчиси Наманганда ташкил қилиниб, тўқимачиликка ихтисослашади. Иқтисодий комплекс раҳбарларига эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тизимни қайта кўриб чиқиб, уларни экспортга ихтисослаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.
Изоҳ (0)