Таиланд армияси Камбоджа билан беш кун давом этган қуролли тўқнашувларда асир олинган 20 нафар камбоджаликнинг икки нафарини уйига қайтарди. Бу келаси ҳафта Малайзияда бўлиб ўтадиган муҳим учрашув олдидан ташланган ижобий қадам сифатида баҳоланмоқда.

Таиланд ва Камбоджа ўртасида баҳсли ҳудудлар сабаб йиғилиб қолган муаммолар 24 июль куни қуролли можаро келтириб чиқарди. Томонлар оғир артиллерия, ҳарбий авиацияни ишга солиб, бир-бирга зарба берди. Беш кун давом этган тўқнашувларда камида 43 киши ҳалок бўлди, яна 300 мингдан ортиқ тинч аҳоли уйларидан кўчирилди.
Томонлар Дональд Трамп билан телефон мулоқоти, шунингдек, Малайзия воситачилигидан сўнг ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Маълум қилинишича, Оқ уй уришаётган томонларга улар билан сувдо музокаралари тўхтатилишини айтиб, босим ўтказган.

Таиланд ихтиёрида қолаётган 18 нафар камбоджалик тақдирига ҳам ойдинлик киритилди. Бангкокда ўтган анжуманда ҳукумат матбуот котиби Жираю Ҳоунгсуб уларни иммиграция қонунини бузишда айблаб, асирлар тегишли процедурадан ўтказилаётганини билдирди.
“Камбоджа аскарлари Таиланд ҳудудига ноқонуний кирган, армия уларни қўлга олди ва гуманитар тамойилларга асосланиб муомала қилмоқда”, деди у.
Камбоджа Мудофаа вазирлиги эса баёнот чиқариб, барча аскарларни қайтаришни талаб қилди ва халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра улар “зудлик билан ва шартсиз озод қилиниши кераклиги”ни яна бир бор таъкидлади.
Чегара муаммосини бартараф этишга қаратилган музокаралар 4–7 август кунлари Малайзияда ўтказилади. Унга ASEAN мамлакатлари, шунингдек, АҚШ ва Хитойдан ҳарбий атташелари таклиф этилади.
Изоҳ (0)