Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан Шуҳрат Холмуҳаммедов мудофаа вазири этиб тайинланди.
Генерал майор Шуҳрат Холмуҳаммедов 2021 йилдан буён мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди. Ундан аввал мудофаа вазирининг ўринбосари, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари, фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари каби лавозимларда фаолият юритган. 2016 йилда “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган.
Мудофаа вазирлигига 2019 йилдан раҳбарлик қилиб келган Баҳодир Қурбонов Давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланганди. Унга генерал-полковник ҳарбий унвони берилди.
ДХХнинг аввалги раҳбари Абдусалом Азизов эса Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказилди. Бу унинг бирор лавозимга тайинлангани ёки доимий ишга расмийлаштирилганини англатмайди.
Изоҳ (0)