2018 йили ташкил этилган “Браво” кулги жамоаси қисқа вақтда ўз мухлисларини топишга, Ўзбекистон пойтахтидан то вилоятларигача ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида концерт беришга улгурган. Кулги жамоасининг бу йилги концерт дастури 14—21-октябр кунлари “Халқлар дўстлиги” санъат саройида бўлиб ўтади. Хўш, кулги жамоаси янги дастурга қандай тайёргарлик кўрмоқда? “Дарё” мухбири Наргизахон Муродова бу саволга жавоб олиш мақсадида уларнинг тайёргарлик жараёнларида иштирок этди.
— Ҳар йилги концертга алоҳида тайёргарлик кўрамиз. Сир эмас, кулги жамоалари ўртасида ҳам рақобат кучайган, вайнерлар ҳам қизғин ишлаяпти. Шу боис доим аъло даражада тайёргарлик кўришга ва теша тегмаган мавзуларни саҳнага олиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Тайёргарлик жараёнлари оқшом бошланиб, то тонгга қадар давом этяпти. Деярли уйқу йўқ, деса ҳам бўлади. Репетицияни кундузи қилишга ҳам ҳаракат қилдик, аммо кўпчилик ижоддан ташқари тадбиркорлик ва давлат ишида ишлагани учун кечқурун ишлаш бизга анча қулайроқ экан. Ишдан кейин хотиржам йиғилиб ишлаймиз.
Бу йилги концертимизнинг аввалгиларига нисбатан масъулияти жуда юқори. Сабаби бу йил концертимиз тўлиқ жонли ижрода ўтказилади. Аввалгиларида ҳам ҳазиллар жонли ижрода бўлган, аммо саҳна кўринишлари орасидаги мусиқалар дижей томонидан бошқариб борилади. Бу йилги концертда эса оркестр билан ишлаяпмиз ва 10 дан ортиқ созандалар мусиқаларни жонли ижро этишади, — дейди “Браво” кулги жамоаси аъзоси Умид Умаров.
“Кулги жамоалари учун жонли ижрода концерт бериш қанчалик муҳим?” деган саволимизга жамоа аъзоси Отабек Мирзахолов қуйидагича жавоб берди.
— Фонограммадан фойдаланганимиз биз учун қулай, аммо жонли ижрода бўлиши ҳам қизиқ бўларкан. Фақат масъулияти шундаки, оркестр ҳам биз билан тенгма-тенг ишлаши керак. Бу қарорга келишимизга жонли ижрода ўтказиладиган концертлар сарой арендасининг ярми чегирма қилиниши сабаб бўлди. Сир эмас, биз концертларни ўзимиз молиялаштирамиз. Саккиз кунлик санъат саройининг ижара пули озмунча бўлмайди, — дейди Отабек Мирзахолов.
Ўтган йили Шаҳло Зоированинг жамоани тарк этгани мухлислар учун кутилмаган янгилик бўлди. Унинг ўрнига актриса Наргиза Салмонова ва Дурдона Қурбоновалар жамоага қабул қилинганди. Аммо бу йилги тайёргарлик жараёнларида фақатгина Дурдона Қурбоновани учратдим.
— Наргиза Салмонова фарзандли бўлди ва оиласи билан хорижда яшайди. Шу боис навбатдаги концертда фақатгина Дурдона Қурбонова ва ёрдамчи ролларда бир-иккита қизлар иштирок этишади холос. Ўзи йигитлар билан маслаҳатлашган ҳолда қизлар ролини камайтирмоқчимиз. Ҳазил-ҳузулни эркаклар қилгани маъқул, деган қарорга келдик.
Шаҳло Зоированинг ижодини ҳамиша кузатиб борамиз. Ишлари авжида, унга фақат омад тилаймиз, — дейди Умид Умаров.
Шу кунгача Шаҳло Зоирова нега жамоани тарк этгани очиқлангани йўқ. Агар жиддий келишмовчилик бўлмаганида улар айро ижод қилмаган бўларди. Бу саволга Умид Умаров қуйидагича жавоб берди.
— Жамоа билан ишлаш жуда қийин. Чунки ҳар кимнинг ўзига яраша феъл-атвори бор. Баъзида яхши фикрлар ҳам бир-бири билан қарама-қарши бўлиб қолади. Шаҳло Зоированинг қайтишини хоҳлаймиз, чунки унинг ўрни бошқача. Агар маблағ томонлама айтадиган бўлсак, у юқори даражага чиқди. У бир куннинг ўзида 3-4 та хонадоннинг хизматида бўляпти. Концерт тизими эса бошқача. 15 кун тинимсиз ҳар кунлик тайёргарлик жараёнлари, ундан кейин концерт. Хуллас, ҳаммамиз саҳнадаги тайёргарлик ва концерт жараёнлари билан бир ой банд бўламиз. Шаҳло эса тинимсиз халқ хизматида, — дейди Умид Умаров.
Видеони тўлиқ ҳолда томоша қилишни истасангиз:
Изоҳ (0)