Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп рақиби Камала Ҳаррис билан ўтказилиши керак бўлган иккинчи теледебатда иштирок этмаслигини маълум қилди.
Truth Social тармоғида қолдирган постида Трамп Ҳаррисни гўёки “жангда мағлуб бўлган” ҳамда “реванш жангини хоҳлаётган” боксчига қиёслаган.
“Сўровлар шуни яққол кўрсатмоқдаки, мен радикал сўл демократ номзод Камала Ҳаррисга қарши баҳсда ғалаба қозондим”, дейди Трамп.
Ўз постида республикачи АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ва амалдаги вице-президент Ҳаррисни мамлакатни “вайрон қилганликда” айблаган. Трамп, шунингдек, “миллионлаб жиноятчилар ва руҳий касаллар Қўшма Штатларга бутунлай назоратсиз кириб келгани, инфляция эса мамлакат ўрта синфини вайрон қилгани”ни таъкидлаган.
“Учинчи баҳс бўлмайди!”, дея хулоса қилган у биринчи мунозарани Ҳаррис фойдасига сайловдан воз кечгунча демократ номзод бўлган Байден билан ўтказганини эслатган ҳолда.
Камала Ҳаррис, Трампнинг постидан кўп ўтмай митингда сўзга чиқиб, “сайловчилар олдида яна бир мунозара ўтказиш мажбурияти мавжуд”лигини маълум қилган.
Трамп ва Ҳаррис ўртасидаги илк дебат 10 сентябрь куни АBC телеканалида жонли эфирда бўлиб ўтди. Уларни 67 миллиондан ортиқ киши томоша қилган. Мунозарадан кейинги сўровлар Ҳарриснинг кам фарқ билан ғалаба қозонганини кўрсатган. Таҳлилчиларга кўра, бу ноябрдаги сайлов натижаларига қандай таъсир қилиши ҳозирча аниқ эмас.
Изоҳ (0)