“Такси” франшизасининг биринчи фильми чиққандан кейин машҳур бўлган актёрлари қандай кўринишга эга ва ҳозир нима билан шуғулланаётгани ҳаиқда маълумот берамиз.
Сами Насери
- Даниэль Моралес — такси ҳайдовчиси
- Фильм чиққанда — 37 ёшда
Такси ҳайдовчиси Даниел ролини келиб чиқиши араб бўлган француз актёри Сами Насери ижро этган.
Отаси жазоирлик, онаси нормандиялик бўлган, у 1961 йил 2 июлда Парижда туғилган ва болалигиданоқ актёр бўлишни орзу қилган. 1990 йилларнинг ўрталарида Насери телевидениеда ва қисқа метражли фильмларда рол ўйнайди. Бир куни ёш актёр Люк Бессоннинг эътиборини тортади ва “Такси” фильмининг биринчи қисмида бош ролни ўйнашга таклиф қилинади. Бу рол ўша пайтда 37 ёш бўлган актёрга машҳурлик олиб келади, натижада режиссёрлар эътиборига тушади.
Кинодаги шон-шуҳратига қўшимча равишда, Насери қонунни бир неча бор бузгани билан машҳур. У жароҳат етказиш, ҳақорат, маст ҳолда машина ҳайдаш ва тезликни оширганлиги учун турли жазоларга ҳукм қилинган.
2005 йилда Насери Париждаги ресторанлардан бирида бир одамга қўлидаги кулдон билан ҳужум қилган. Бунинг учун актёр икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. 2006 йилнинг декабрида у полициячини ҳақорат қилгани учун олти ойлик қамоқ ва 8000 евро миқдорида жаримага тортилган. 2007 йилда у Экс-ан-Провенсдаги қўриқчиларга ва ўзи даволанаётган тиббиёт марказига ҳужум қилганликда ҳам айбдор деб топилган.
Ҳозир актёр 63 ёшда, унинг фильмографиясида 50 дан ортиқ фильм мавжуд. Охирги фильми 2023 йилда чиққан “Муҳожир” рус-француз фильмидир. Унда Насери гиёҳванд моддалар сотувчиси ролини ўйнаган.
Актёр актриса Мари Гиярга уйланган эди, аммо эр-хотин ажралишади. Актёр икки йилдан бери ўзидан 33 ёш кичик София Афина исмли қиз билан учрашади.
Фредерик Дифентал
- Полиция инспектори — Эмилиен Котан-Кербале
- Фильм чиққанда — 30 ёш
Фредерик Дифентал 1968 йил 26 июлда Францияда туғилган. Актёр “Такси” франшизасидаги роли билан машҳур бўлади, у анқов полициячи Эмилиен ролини ўйнайди. Ҳозирда ҳам фильмлар ва француз телесериалларида рол ўйнашда давом этмоқда. 2002 йилда у билан бош ролни ўйнаган “Қор” тўлиқ метражли фильми чиқди.
Дифентал ҳозир 56 ёшда ва икки марта ажрашган. Дастлаб у актриса Гвендолин Амонга уйланган, уларнинг 2005 йилда туғилган ўғли бор. Иккинчи марта эса 10 йиллик муносабатларидан сўнг Стефани Сегин билан 2023 йилнинг ёзида турмуш қуради.
Яқинда актёр июль ойида ўғрилик қурбони бўлди, у Instagramъдаги саҳифасида велосипеди ўғирланганини маълум қилди. Дифентал хушмуомалалик билан велосипедини қайтариб беришларини сўради.
Марион Котиляр
- Фильм намойиш этилганда у 23 ёшда эди
Актриса биринчи марта 6 ёшида, 1981 йилда болалар спектаклларида саҳнага чиқади. Котилярнинг кинодаги ютуғи “Такси” фильми бўлиб, унда у бош қаҳрамоннинг қаллиғи ролини ўйнаган. Актриса “Такси 2” ва “Такси 3” фильмларида ҳам рол ўйнаган.
Актрисанинг Голливуддаги фаолияти ҳам жуда муваффақиятли бўлади. 2003 йилда у Тим Бёртоннинг “Катта балиқ” фантастик драмасида, 2006 йилда Ридли Скоттнинг “Яхши йил” романтик комедиясида Расселл Кроу ижро этган лондонлик миллионернинг қалбини забт этган француз аёли ролини ўйнайди.
Эдит Пиаф ҳаётига бағишланган “Пуштиранг ҳаёт” биографик фильми учун актриса “Оскар” билан бир қаторда “Сезар”, “Люмер”, BAFTA ва “Олтин глобус” мукофотларини ҳам олади.
Ҳозир у 48 ёшда ва кино юлдуз экранларни забт этишда давом этмоқда. Котилярнинг сўнгги фильми “Ли” жангари драмаси бўлиб, унда Кейт Уинслет билан бирга рол ўйнайди.
Актриса 2007 йилдан бери француз кино юлдузи Гиём Кане билан муносабатда. 2008 йилда улар унаштирилди. Жуфтликнинг икки фарзанди бор — Марсель (2011 йилда туғилган) ва Луиза (2017 йилда туғилган). Фильмларда ишлашдан ташқари, актриса Францияда иккита ресторанга эгалик қилади ва атроф-муҳит муаммолари билан фаол шуғулланади.
Эмма Виклунд
- Фильм чиққанида у 30 ёшда эди
Швециялик актриса ва модел 1968 йил 13 сентябрда Стокгольмда туғилган. Унинг отаси швед, онаси Конго фуқароси. Виклунд такси ҳайдовчиси ҳақидаги франшизанинг тўртта қисмида ҳам рол ўйнаган. 2003 йилда у актёр Ҳанс Виклунд билан турмуш қурган. Уларнинг 23 ва 21 ёшли икки фарзанди бор.
55 ёшли модел ҳозир Стокгольмда яшайди ва унинг Emma С. Skincare номли терини парвариш қилиш бизнеси бор. У мунтазам равишда оиласи, ҳамкасблари ва уй ҳайвонлари билан тушган суратларини Instagramъдаги обуначилари билан баҳам кўради.
Бернард Фарси
- Комиссар Жилбер ролини ўйнаган
- Фильм чиққанида — 49 ёшда
Француз актёри Бернард Фарси ўзининг театр ва телевидениедаги фаолиятини 1970 йилларда бошлаган. “Такси” фильми чиққанида у ўнлаб фильмларда, жумладан, Бертранд Блиэнинг “Бизнинг тарих” фильмида суратга тушган эди.
Экцентрик ва тор фикрли полиция комиссари ролининг ажойиб муваффақиятидан сўнг, актёр 2000 йилларда ўнлаб фильмларда рол ўйнайди. Фарси “Бўри биродарлиги” ва “Астерикс ва Обеликс: Клеопатра миссияси” фильмларида ўйнаган.
Ҳозир актёр 75 ёшда. Экранларда камроқ кўрина бошлаганига қарамай, у “Такси” франшизасининг ҳамма қисмида иштирок этган, сўнгги 5-қисм 2018 йилда чиқарилган.
Яқинда актёрнинг бешинчи эпизодда суратга тушиш унга осон бўлмаганини тан олди, чунки унинг ёнида одатдаги ижрочилар жамоаси йўқ эди. Бешинчи эпизодда оригинал фильмдаги юлдузлар таркибидан ҳеч бири (Фарсининг ўзи ва Эдуард Монтутдан ташқари) рол ўйнамаган. Актёрнинг сўзларига кўра, ўзини худди бошқа бировнинг оиласида бўлганидек, суратга олиш майдончасида ноқулай ҳис қилган.
Эдвард Монтут
- Полиция ходими — Элейн
- Фильм чиққанда — 28 ёшда
Эдуард Монтут жуда ёшлигида оиласи билан Париж чеккасига кўчиб ўтади. У биринчи марта 1990 йилда “Жан Галмо” фильмида дебют қилган. Актёр 1992 йилда “Гол” сериали орқали машҳурликка эришади. Айнан ўша ерда у Фредерик Дифентал билан танишиб қолади ва у билан кейинчалик кўплаб лойиҳаларда бирга ишлайди. Бернард Фарси сингари Монтут ҳам полициячи Элейн ролини ўйнаб, “Такси” франшизасининг барча беш қисмида иштирок этади.
Ҳозир француз актёри 53 ёшда, у кино ва телевидениедаги фаолиятини давом эттирмоқда. 2022 йилда унинг иштирокидаги “Амбуазедаги қотиллик” триллери чиқди.
Актёр Лубна Монтут билан турмуш қурган, уларнинг Нахил исмли ўғли бор.
Изоҳ (0)