Журналист ва сиёсий таҳлилчи София Нина Бурна-Асефи The Diplomat нашрида чоп этилган мақоласида Марказий Осиёда АҚШ, Хитой ва Россия ўртасида коридорлар яратиш учун рақобат кучайиб бораётгани, бу рақобатнинг минтақа давлатларига таъсири ҳақида мулоҳаза юритади.
Осиёда ва ундан ташқаридаги ҳудудларда ҳам АҚШ, Хитой ва Россия ўртасида рақобатдош “коридорлар” яратиш планлари билан ифодаланган шиддатли рақобат пайдо бўлмоқда.
“Коридор” атамаси сўнгги йилларда ҳукуматлар ва таҳлилчилар доираларида ҳам машҳур сўзга айланди. “Коридор” тушунчасининг маъносини тўлиқ баҳолаш учун таърифнинг контурини тузиш мақсадга мувофиқдир. Хитой, Америка Қўшма Штатлари ва Россия томонидан қўлланиладиган коридор ёндашувлари бир-биридан жуда фарқ қилса-да, бу стратегиянинг асосини ташкил этувчи бир-бирига боғланган учта компонент мавжуд.
Саймон Кертис ва Ян Клауснинг трансмиллий коридорлар таърифи ҳамда Жон Агнев ва Алисон Уильямснинг трансконтинентал назарияларидан фойдаланиб, коридор ёндашувини қуйидагича таърифлаш мумкин: Биринчиси, давлат ҳокимиятини вақт ва макон бўйича ҳудудийлаштириш ва проексиялаш; иккинчиси, цивилизациянинг вақт ва маконга тарқалиши; учинчиси — трансмиллий темирйўллар, автомобиль йўллари, кўприклар, портлар, қувурлар ва денгиз йўлларини қуриш орқали давлат ва унинг қон айланиш тизимини космосга қадар кенгайтириш, кўпайтириш ва ўзгартириш.
Ушбу коридор ёндашувининг марказида трансмиллий йўлак қуриш ва халқаро тартибни қайта шакллантириш ўртасида аниқ боғлиқлик мавжудлигига умумий ишонч ва тушуниш ётади. Ушбу концепциянинг биринчи замонавий намунаси Хитой бошчилигидаги “Бир макон, бир йўл” лойиҳасидир.
Хитой йўллари
2013 йилда Хитой раиси Си Цзиньпин томонидан Қозоғистондаги саммитда эълон қилинганидан бери “Бир камар, бир йўл” лойиҳасининг асосий иш ҳудуди Осиё бўлиб келган. Ушбу лойиҳа олтита коридордан ташкил топган, энг катта ва энг ривожланган коридор Хитой—Покистон иқтисодий йўлагидир.
“Бир камар, бир йўл” лойиҳасидан асосий мақсад Хитойнинг “дунёнинг анъанавий устахонаси” бўлишдан юқори технологияли ва юқори қийматли иқтисодиётга айланиши, биотехнология, фармацевтика каби кўплаб саноат тармоқларида етакчилик қилишидир. Сунъий интеллект (АI), робототехника, автоматлаштирилган транспорт воситалари ва аэрокосмик саноатни ривожлантириш ҳам бу коридорнинг муҳим дастурлари ҳисобланади. Шундай қилиб, Покистон, Ўзбекистон (Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли ва “Бир камар, бир йўл” доирасидаги Хитой—Марказий Осиё—Ғарбий Осиё йўлаги орқали), Қозоғистон (Янги Евросиё қуруқлик-кўприк коридори ва Хитой—Марказий Осиё—Ғарбий Осиё йўлаги), ва Осиёнинг бошқа мамлакатлари ишлаб чиқариш марказлари сифатида ишлайди ва транзит йўналишлари бўлиб хизмат ўтаб беради.
“Бир камар, бир йўл” ушбу коридор схемасини ҳаракатга келтиради. Пекин бу лойиҳа билан эришиш мақсад қилинган муҳим нарса бу глобал савдони Хитой томонга ўзгартиришдир. Бу муваффақиятли бўлса, Хитойнинг халқаро салмоғи ва етакчилик имкониятларини оширади. Шунингдек, у иқтисодий тортишиш кучи марказини шарққа силжитади ва у билан бирга Осиё, Африка ва Европани ҳам озига торта бошлайди.
АҚШ ва унинг шериклари учун бунинг оқибатлари жуда чуқур бўлади. Си Цзиньпин бу лойиҳаларни “Хитой орзуси” деб атаган — бу тушунча Хитойнинг халқаро жамиятда янги етакчи роли ҳақидаги орзудир. Юмшоқ кучга, шунингдек, қаттиқ қувват ва моддий чидамлилик Хитойнинг янги образи бўлиб шаклланиши керак. Барча коридорлар каби, “Бир камар, бир йўл” ҳам ривожланаётган дунё бўйлаб Хитой цивилизациясини ривожлантириш ва бу мамлакатларни “рақамли коридорлар” орқали Хитой технологияси билан боғлаш воситасидир.
Аммо барча орзулар ҳақиқатга айланмайди. Сўнгги ўн йил ичида бу режалар давом этаётган бўлса-да ва “Бир камар, бир йўл” ни ташкил этувчи олтита йўлак олдинга силжиган бўлса-да, Хитойнинг “орзу”си амалга ошиши мавҳум бўлиб турибди. Айрим “Бир камар, бир йўл” лойиҳаларига қаршилик Осиёда ва лойиҳага жалб қилинган бошқа мамлакатларда келиб чиқди. Бу қаршиликлар асосан ҳамкорликни қабул қилувчи мамлакатнинг маҳаллий сиёсати, маҳаллий ишчилар ва маҳаллий бизнеснинг тижорат манфаатларидан келиб чиқиб рўй берди.
Хитой ва Россия ҳам бир географик ҳудудда коридорлар ўрнатишдан манфаатдор кўринади. CPEC лойиҳаси (China-Pakistan economic corridor — Хитой—Покистон экономик корридори) иккинчи босқичига кирар экан, 8 июль куни Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилояти губернатори Файсал Карим Кунди ҳукуматда CPEC коридорини Ўзбекистонга узайтириш режалари борлигини маълум қилган. “Таклиф этилаётган кенгайиш Равалпиндидан Коҳатга (Покистон) ва Коҳатдан Парачинарга (Покистон) йўл ташкил этиш ва охир-оқибат Ўзбекистон билан боғланишни мақсад қилган”, деган Кунди ўз баёнотида.
Россиянинг режалари
Россия учун Осиёдаги трансмиллий йўлаклар ташқи сиёсат мақсадларида асосий устувор йўналишга айланди. 2022 йил февралида Украинага кенг миқёсли бостириб кириш ва ундан кейинги халқаро санкциялардан бери Россия Осиёда Европани айланиб ўтиб, янги бозорлар топадиган транспорт лойиҳаларини ишлаб чиқмоқда ва қўллаб-қувватламоқда.
Россиянинг Осиёдаги трансмиллий коридорлари орасида 2000 йилда Эрон, Россия ва Ҳиндистон томонидан ташкил этилган 7200 километр узунликдаги ҳукуматлараро транспорт лойиҳаси бўлган Шимол—Жануб халқаро транспорт коридори бор. Бу лойиҳа иштирокчилари рўйхатида ҳозирда Уммон, Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Афғонистон ва Покистон бор. Яна бир коридор — Шимолий денгиз йўли, у Россиянинг шимолий қирғоқ чизиғи бўйлаб жойлашган, мамлакатни Тинч океани билан боғлайдиган денгиз йўллари тўпламини ташкил этади. Бу йўлак Россия қонунчилигида “ғарбдаги Қора дарвоза ва Беринг бўғози ўртасидаги Арктика денгиз йўллари тўплами” дея таърифланган. Учинчи йўналиш эса Шимолий йўлак бўлиб, у Европани Хитой билан Россия ва Қозоғистон ёки Мўғулистон орқали тахминан 5400 километр узунликдаги поезд йўналиши орқали боғлайди.
Россия учун коридор ёндашуви сиёсий элита томонидан “Катта Евросиё ҳамкорлиги”ни қуриш воситаси сифатида тушунилади. Ушбу ҳамкорликнинг мақсади икки томонлама: “Бир макон, бир йўл”ни Россия бошчилигидаги иқтисодий божхона иттифоқи, шу жумладан Россия, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон ва Беларусь аъзолари сифатидаги Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорликка тортиш ва боғлаш; Шунингдек, Хитой билан рақобатлашиш ва ундан узоқлашиш, кузатувчилар ва ЕОИИ аъзоларини Эрон, Ҳиндистон ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари билан боғлаш.
Июль ойида бўлиб ўтган Россия-Ҳиндистон икки томонлама саммитида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида INSTC учун янги транспорт йўналишларини яратиш, Ченнай—Владивосток денгиз линиясини ривожлантириш ва ягона божхона тартибини яратиш бўйича келишувларга эришилди. Товарларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун интеллектуал рақамли тизимларни қўллаш бўйича меморандум имзоланди. Бундан бир ой олдин Путин Покистонга INSTCга аъзо бўлишни таклиф қилган. Россия Афғонистоннинг транспорт лойиҳаларига ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Россия трансафғон темирйўли лойиҳасини молиялаштириш ва техник-иқтисодий асослаш ишларини олиб боришга тайёрлигини билдирган.
Ғарбнинг ҳаракатлар
Қўшма Штатлар ва унинг ҳамкорлари алоқа лойиҳаларига кўпроқ эътибор бериб, ташқи сиёсат йўналишларини ҳам ўзгартирдилар. Ушбу гуруҳ томонидан эълон қилинган асосий йўлакларга АҚШ, Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон билан Ҳиндистон—Яқин Шарқ—Европа иқтисодий коридори, шунингдек, АҚШ президенти Жо Байден томонидан 2021 йилда биринчи марта ишга туширилган “Глобал инфратузилма ва инвестициялар бўйича ҳамкорлик (PGII)“ йўлаклари киради. Ушбу лойиҳалар Хитойнинг “Бир макон, бир йўл”ига жавоб сифатида кўрилади. Ушбу лойиҳаларни жадаллаштириш ва қўшимча маблағларнинг киритилиши трансмиллий йўлакларнинг буюк давлат геосиёсий стратегиясида катта рол ўйнашини эътироф этишдан бошқа нарса эмас. АҚШ, шунингдек, Россияни четлаб ўтувчи бошқа трансмиллий йўлакларни, масалан, Хитойдан Марказий Осиё ва Каспий денгизи орқали Озарбайжонга, Грузия орқали Қора денгизга чўзиладиган Ўрта йўлак лойиҳаси, мултимодал қуруқлик ва денгиз транспорти йўналишини маъқуллади.
Қўшма Штатларнинг коридор ёндашуви ва Хитойнинг ёндашуви ўртасида иккита асосий фарқ бор. АҚШнинг PGII флагман коридори “Бир макон, бир йўл”га рақобатчи сифатида тан олинган бўлса-да, у кўпинча “демократик давлатларни ривожланаётган мамлакатларга ўз инфратузилмасини янгилашда ёрдам бериш учун бирлаштириш мақсади” билан ташкил этилгани иддао қилинади. Шу билан бирга АҚШ коридори хусусий ташаббус ҳисобланади. “Бир макон, бир йўл” эса давлат томонидан бошқариладиган ташаббусдир. Шунинг учун АҚШга қарашли PGII дастурини молиялаштириш “Бир макон, бир йўл” га нисбатан анча паст.
Ғарбнинг “Бир макон, бир йўл”га рақобатчи деб ҳисобланган яна бир йирик лойиҳаси — бу ЕИ Global Gateway Initiative дастуридир. Ушбу ташаббус 2021- йилдан 2027 йилгача асосий тармоқларга, шу жумладан транспортга 300 миллиард еврогача давлат ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида ЕИ ва Европа тараққиёт молия институтлари томонидан 2023 йилда старт берилган инвестиция дастуридир. Ўрта коридор лойиҳаси ушбу жамғарма томонидан йўналтирилган асосий лойиҳалардан бири бўлиб, 2025 йилда қабул қилинадиган, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Минтақавий транспорт дастури бўлиб, унда Европа Иттифоқи Марказий Осиё минтақасида “мавжуд ва келажакда транспорт билан боғлиқ лойиҳаларни илгари суриш учун техник ёрдам таклиф қилади”.
АҚШ ва унинг ҳамкорлари учун коридор ёндашувининг асосий мақсади хорижда Ғарб манфаатлари ва таъсирига путур етказилмаслигини таъминлашдир. Бу Хитойнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўсиб бораётган таъсирини бошқариш ва назорат қилишни англатади.
Хулоса
Осиёда янги геосиёсий ва геоиқтисодий воқеликлар юзага келмоқда. Осиёни “коридорлаштириш” учун барча гегемон кучлар томонидан инфратузилмага сармоя киритиш, биз билганимиздек, халқаро тартибни ўзгартириш давом этмоқда. Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” коридори сўнгги ўн йилдан бери фаол давом этаётган бўлса-да, ҳали ҳам АҚШ ва Ғарб иттифоқчиларида у билан рақобатлашишга умид бор.
Ушбу динамикани ҳал қилишда биринчи қадам Ғарб ўз моделидан қандай қилиб Осиёга ўзининг иқтисодий таъсирини улар учун тўғри бўлган тарзда кенгайтириш ва лойиҳалаш учун фойдаланиши мумкинлигини англаб етишидир. Иккинчидан, сиёсатчилар Ғарб глобал жанубдаги компанияларга Ғарб бозорларига кириш имконини берадиган янги таъминот занжирларини қаерда тузиши мумкинлигини ўрганиши керак. Учинчи ва охирги қадам — Осиёдаги инфратузилма лойиҳаларига инвестицияларни кўпайтириш, бу эса транспорт харажатлари ва фойдани максимал кўпайтиришга ёрдам беради.
Ушбу рақобатдош трансмиллий йўлаклар келгуси ўн йилликни шакллантирадиган стратегия ва геосиёсий рақобат ҳақида янги фикрлаш тарзини шакллантирмоқда.
Изоҳ (0)