Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев Россия газини ички бозорга етказиб бериш шартларини ўрганиш давом этаётганини, газ учун нархлар арзон бўлмаслигини айтди. Бу ҳақда “Известия” хабар берди.
“Вазирлик томонидан шимолий ва шарқий ҳудудларни газлаштиришнинг икки варианти ишлаб чиқилмоқда”, деди у.
Вариантлардан бири — “Сариарка” магистрал газ қувурининг иккинчи ва учинчи босқичларини қуришни давом эттириш орқали Оқмўла ва Шимолий Қозоғистон вилоятларини газлаштириш.
“Бу лойиҳани ‘Бейнеу — Бозой — Чимкент’ магистрал газ қувурининг иккинчи тармоғи қурилгандан сўнг амалга ошириш мумкин бўлади. Бугунги кунда техник-иқтисодий асослаш ишлаб чиқилмоқда. Қатарлик инвестор билан лойиҳани биргаликда амалга ошириш бўйича келишув мавжуд”, деди вазир.
Иккинчи вариант сифатида Россиядан газ етказиб бериш имконияти кўриб чиқилмоқда.
“Ҳозирда QazaqGaz ва ‘Газпром’ ўртасида Қозоғистоннинг шимолий ва шарқий ҳудудларига газ етказиб бериш шартлари муҳокама қилинмоқда”, деди Саткалиев.
Вазирнинг сўзларига кўра, музокаралар якунлангач, иқтисодий ва техник жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда шимолий ва шарқий ҳудудларни газлаштиришнинг мақбул варианти танланади.
2023 йил июнь ойида Қозоғистон энергетика вазири мамлакат шарқида ички ресурслар ҳисобига газлаштириш фақат 2027—2028 йиллардан кейин амалга оширилиши мумкинлигини, яқин истиқбол учун эса Россиядан газ импорт қилиниши кераклигини айтганди. Шу билан бирга, у Россия гази арзон бўлмаслигини таъкидлаган.
Изоҳ (0)