Афғонистондан қочиб, Россиядан бошпана олишга уринган афғон журналисти Кобра Ҳассаний 25 июнь куни Москвадан Кобулга учиб кетди, дея Ҳассанийнинг адвокатларига таяниб, “Фонтанка” хабар берди.
Кобра Ҳассаний 2021 йил августигача Афғонистон телевидениесида ишлаган ва мамлакатда аёллар ҳуқуқлари учун курашган. У “Толибон” ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай Афғонистонни тарк этган ва Киев давлат университетининг инглиз тили бўлимига ўқишга кирган, бироқ Украинада уруш бошланиши билан у Европага кўчиб ўтишга қарор қилган.
Украинадан қочқинларни олиб кетаётган микроавтобус Польша ўрнига Россияга етиб келган. Ҳассаний яна Европага етиб олишга уринган, бироқ 2022 йилнинг май ойида Санкт-Петербургдан чиқиб кетаётганда у бошқа афғон қочқинлари билан бирга чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун ҳибсга олинган.
Ҳассаний тергов изоляторига жўнатилган, сўнгра Красное Селодаги Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига ўтказилган. Суд уни икки йилга колонияга ҳукм қилган, бироқ тергов изоляторидаги вақтни ҳисобга олиб, журналистни озод қилган.
Суд ҳукмидан кейин Ҳассаний Россияни тарк эта олмаган, чунки уни тарк этмаслик мажбурияти унинг она тилида (форсча) суд қарори чиқарилгунга қадар амал қилган. Прокуратура эса чегарани ноқонуний кесиб ўтиш иши бўйича чиқарилган ҳукм устидан апелляция шикояти бериб, журналистнинг ҳибсда ўтказган кунларини санашни сўраган, бироқ суд буни рад этган.
Ҳассаний адвокатларининг айтишича, бошпана бериш рад этилганидан кейин унинг бошқа давлатларга бориш учун кўп имкониятлари бўлган, аммо бу куч, вақт ва пул талаб қилган.
Адвокатлар Ҳассанийнинг Кобулга учганини Санкт-Петербургдаги афғон диаспорасидан билишган. Журналистнинг ҳимоячиси Елена Фадееванинг айтишича, Ҳассаний Россияда қолишга ортиқ кучи йўқлигини ва унга таҳдид солаётган хавф-хатарга қарамай, Афғонистонга қайтишдан бошқа имкониятларни кўрмаган.
Кобра Ҳассаний ўз ватанида уни “Толибон” томонидан ўлим ва таъқиблар кутаётганини айтган. Унинг адвокати Россиядан бошпана сўраш учун ариза берган, аммо мазкур сўров рад этилган.
Изоҳ (0)