Россия президенти Владимир Путин ҳозирча АҚШ етакчиси Жо Байден билан телефон орқали мулоқот қилишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков матбуот анжумани чоғида маълум қилди.
Икки президент ўртасидаги сўнгги телефон мулоқоти 2022 йил 12 февралда бўлиб ўтган. Уларнинг сўнгги шахсий учрашуви 2021 йилнинг ёзида Женевада ташкил этилганди.
Президентлар ўртасидаги суҳбат бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Кремль расмийси “Йўқ” деб жавоб берди. Бу савол Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов ва Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг бир кун аввал, 25 июнь куни бўлиб ўтган суҳбати муносабати билан берилганди.
Кеча, 25 июнь куни АҚШ ва Россия мудофаа вазирлари Ллойд Остин ва Андрей Белоусов Америка томони ташаббуси билан телефон орқали мулоқот қилишди. Россия ҳарбий бошқармаси маълумотларига кўра, томонлар Украинадаги можарони муҳокама қилган. Суҳбат чоғида Остин АҚШ ва Россия ҳарбийлари ўртасидаги алоқани сақлаб қолиш муҳимлиги ҳақида гапирди. Бу Ллойд Остиннинг Андрей Белоусов билан мудофаа вазири этиб тайинланганидан бери биринчи суҳбати.
Андрей Белоусов АҚШ мудофаа вазирлари Украина Қуролли кучларига Америка қуролларини етказиб бериш давом этиши фонида вазиятнинг янада кескинлашиши хавфи борлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)