Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Иравоний АҚШдан ўз қўшинларини Суриядан зудлик билан ва тўлиқ олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Бу ҳақида IRNA агентлиги маълум қилди.
“Сурияда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши учун Америка қўшинларини мамлакатдан зудлик билан тўлиқ олиб чиқиб кетиш зарур. Улар терроризмга қарши курашиш ўрнига нефть ўғирлашда, Сурия халқини талон-торож қилишда ва БМТ томонидан террорчи деб эълон қилинган гуруҳларни, масалан, ‘Жабҳат ан-Нусра’ ва ‘Ҳаят Таҳрир аш-Шам’ни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда”, — деди у БМТ Хавфсизлик кенгашининг Суриядаги гуманитар ва сиёсий вазиятга бағишланган йиғилишида.
Шунингдек, дипломатнинг таъкидлашича, “халқаро ҳамжамият Сурия халқини терроризм, хорижий босқин ва ноқонуний санкциялар сабаб бўлган иқтисодий террорга қарши курашда ёлғиз қолдирмаслиги керак”.
“Суриядаги террорчиларга қарши кураш улар келтираётган таҳдидлар тўлиқ бартараф этилмагунча давом этиши керак. Уларга кўп сонли тинч аҳолини гаровга олишларига ва Идлиб каби ҳудудларни ўз мулкига айлантиришларига йўл қўймаслик керак”, — деди Амир Саид Иравоний.
Изоҳ (0)