Тожикистон чегарачилари томонидан ўққа тутилиши оқибатида Афғонистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Etilaatroz хабар берди.
Ҳодиса 10 июнь куни Ёвон туманининг Шолир қишлоғи чегара ҳудудида содир бўлган. Қишлоқда яшовчи 15 кишидан иборат гуруҳ олтин қазиб олиш учун Амударёдан ўтиб, Тожикистонга кетмоқчи бўлган. Қўшни давлат чегарачилари тўхташ ҳақида огоҳлантириш берган.
“15 кишилик гуруҳнинг бир қисми қуроллангани сабабли улар тўхташ ҳақида огоҳлантирилгач, қочиб кетган, тожикистонлик чегарачилар уларга қарата ўқ узган ва улардан икки нафари ҳалок бўлган”, — дейилади хабарда.
Манбаларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида ўсмир ва катталар ҳам бор, бошқалар эса қочишга муваффақ бўлган. “Толибон”нинг Бадахшондаги маҳаллий расмийлари ҳозирча бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Изоҳ (0)