Танзания байроғи туширилган кема 18 май куни Қора денгизда чўкиб кетган. Бу ҳақда “ТАСС” нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, кема Руминиянинг Сфинту Георге шаҳридан 26 денгиз мили узоқликда чўкиб кетган. “Моҳаммад-З” кемаси ҳалокатга учрагани ҳақида ҳам биринчи бўлиб Руминия манбалари хабар тарқатган.
Руминия қирғоқ қўриқлаш хизмати 18 май куни тонгда ҳалокат сигналини қабул қилгач, “Артемис” ва “Аполлон” номли кемаларини ҳудудга жўнатган. Иккита денгиз-чегара полиция кемаси ва яқин атрофдаги иккита савдо кемаси ҳам воқеа жойига йўл олган.
Ҳалокатга учраган кема бортида 11 киши бўлиб, улардан тўққиз нафари Сурия фуқароси ва икки нафари Миср фуқаролари бўлган. Экипаж аъзоларининг саккиз нафарини Мишел савдо кемаси ходимлари қутқариб қолган.
“Моҳаммад-З” кемаси экипажининг 3 нафар аъзоси бедарак йўқолгани хабар қилинган. Қутқарув гуруҳлари ҳудудда текширув олиб бораётгани билдирилган.
Манбада айтилишича, ҳалокат сабаби аниқланмаган. Қутқариб қолинган экипаж аъзолари иштирокида тергов ўтказилаётгани билдирилган.
Изоҳ (0)