Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, деб хабар беради ЎзА.
Қайд этилишича, Ургут тумани “Чеп” маҳалласида яшовчи 27 ёшли А.Д. ва “Ваткан-Қўзибек” маҳалласида яшовчи 42 ёшли Ш.Х. жиноий тил бириктириб, гиёҳванд модда олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётгани аниқланган.
Вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А.Д., З.Ф. ҳамда Ш.Х. ҳаракатланиб кетаётган автомашинада 248,33 грамм миқдорда героин гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштирилган.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари фуқаро А.Д.га тегишли бўлиб, уни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшовчи фуқарога етказиб беришни режалаштирган.
Мазкур ҳолат бўйича Ш.Х. ва А.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Фарғонада 17 ёшли бола яшаётган уйдан 30 килодан ортиқ наркотик моддалар топилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда фуқаронинг уйидан салкам 32 кило марихуана топилган, ДХХ томонидан Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келинган наркотик моддалар тўхтатиб қолинган эди.
Изоҳ (0)