Qatar Airways Дубайда сунъий интеллект технологияси билан таъминланган дунёдаги биринчи одамсимон робот стюардессани намойиш этди. Бу ҳақда Khaleej Тimes хабар берди.
Робот стюардесса Сама 2.0 реал вақт режимида саволларга жавоб бериши, одамларга саёҳатларини режалаштиришда кўмаклашиши, шунингдек, авиакомпания фаолияти ҳақида тез-тез бериладиган саволларга жавоб бериши мумкин. Arabian Travel Маrket халқаро туристик кўргазмасида робот стюардесса билан танишиш имкони мавжуд. Авиакомпаниянинг QVerse рақамли платформаси ёки унинг иловаси орқали Сама 2.0 билан виртуал мулоқот қилса бўлади.
Апрель ойида Саудия Арабистонида аёл кўринишида робот-гуманоид тақдим этилганди. Саранинг ташқи кўриниши 25 ёшли қизга ўхшайди. Унинг бўйи 1,62 метр бўлиб, миллий либос — абая кийиб юради.
Робот яратувчиларнинг сўзларига кўра, гуманоидни имкон қадар нафис ва иболи тасвирлашга ҳаракат қилинган. Шунинг учун Сара сиёсат ёки шахсий мавзуларда гапирмайди, бундай саволларга жавоб бермайди ва суҳбат мавзусини ўзгартириб, одобсиз мавзулардан қочишга уринади.
Изоҳ (0)