Озарбайжоннинг қадимий шаҳарларидан бири — Ганжада Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги биринчи фахрий консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон фахрий консулхонасининг расмий очилиш маросими Ганжа шаҳар ижро ҳокимияти бошлиғи Ниязи Байрамов, Ганжа шаҳридаги Туркия ва Грузия бош консулхоналари раҳбарлари, ишбилармон доира вакиллари, илм-фан намояндалари, фаол ватандошлар ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида бўлиб ўтган.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар ушбу воқеа қардош мамлакат ва халқлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамда шерикчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун ажойиб имконият яратишини таъкидлаган. Шунингдек, Ганжада Ўзбекистон фахрий консулхонасининг очилиши икки қардош мамлакат солномаларида тарихий воқеа сифатида қайд этилиши айтиб ўтилган.
Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги биринчи фахрий консули этиб Кянан Жалилов тайинланган.
Фахрий консулхонаси ўз округи доирасида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, юртимизга инвестиция ва сайёҳларни жалб этиш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Қатарда ва Венгрияда Ўзбекистон элчихоналари очилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)