Amnesty International ташкилоти “Толибон” томонидан қизларга нисбатан юритилаётган сиёсатни кескин қоралаб чиқди. Бу ҳақда Hasht-e Subh нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, Халқаро амнистия ташкилоти “Толибон” ҳаракатининг афғон қизларига нисбатан сиёсатини “шафқатсиз” деб атаган. Бундай сиёсат тезда тугатилиши кераклигини билдирган.
Ушбу ташкилот 4 апрель куни ёзган ҳисоботида Афғонистон “Толибон” назорати ўрнатилгандан кейин вайрон бўлаётгани айтилади. “Толибон” режимининг охирги икки йил давомида инсон ҳуқуқлари, айниқса аёллар ҳуқуқларини поймол қилгани таъкидланади.
Ташкилот қайд этишича, “Толибон” ҳаракати тизимли равишда баъзи муҳим инсон ҳуқуқлари институтларини ёпиб қўйган. Афғон аёллари ва қизларини асосий ҳуқуқларидан маҳрум қилган.
Ҳисоботда Афғонистонда журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва ҳимоячилар, санъаткорлар, диний ва этник озчиликлар хавф остида экани айтилади.
Amnesty International ташкилоти “Толибон” режимидан қотилликлар, этник ва диний озчиликлар, аёллар ва қизларга ҳужумлар каби инсон ҳуқуқлари бузилишига чек қўйишни сўраган.
Қизлар учун мактаб ва университетларни зудлик билан қайта очиш ушбу халқаро ташкилотнинг “Толибон” ҳаракатидан сўраган муҳим талабларидан биридир. Афғонистонда “Толибон” томонидан инсон ҳуқуқлари поймол этилишининг глобал танқидига қарамай, ҳаракат етакчилари уни қайта-қайта рад этган.
Изоҳ (0)