Хоразм вилояти Урганч туманида жойлашган икки мактаб ўқувчиси ўртасида жанжал содир бўлди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат бўйича маълумот берди.
Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган. Аниқланишича, Урганч тумани “Каттабоғ” маҳалласида жойлашган 23-сонли мактабининг 8-синф ўқувчиси олдиндан таниши бўлган 1-мактаб ўқувчиси ўртасида ижтимоий тармоқ орқали ўзаро келишмовчилик юз берган.
Шундан сўнг 1 май куни 1-сон мактаб ўқувчиси 23-сон мактабга келиб, ўқувчини чақириб олган ва улар ўртасида жанжал келиб чиққан. Ушбу ҳолат атрофда бўлган ўқувчилар томонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоққа жойланган.
Жанжал оқибатида ҳеч бир ўқувчи тан жароҳати олмагани, шу ерда кузатиб турган ўқувчилар уларни оралаб ажратгани аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат бошқа такрорланмаслиги, ўқувчиларнинг тарбияси, оила, мактаб ва кенг жамоатчилик механизми ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш борасида ўқувчилар таҳсил оладиган таълим муассасаларида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)