Фаластин ва Исроил можароси бошланганидан бери Ғазо секторида камида 14,350 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган. Бу ҳақда “ТАСС” нашри араб манбаларига асосланиб, ёзмоқда.
Хабарда айтилишича, ҳар йили 5 апрель куни Фаластин марказий статистика бюроси болалар куни муносабати билан бир қанча рақамларни эълон қилади. Бу йилги статистика болалар билан боғлиқ вазиятнинг анча ачинарли эканини кўрсатган.
Ҳисоботга кўра, Фаластинда ҳозирда 816 мингдан ортиқ бола Исроил агрессияси оқибатлари туфайли мутахассислар ёрдамига муҳтож. Секторда болаларга ёрдам бера оладиган бирор ташкилот мавжуд эмас.
Al Jazeera телеканали келтирган статистик маълумотларга кўра, Исроил мудофаа кучларининг Ғазо секторидаги ҳаракатлари туфайли ҳар соатда тўрт нафарга яқин бола ҳалок бўлмоқда. Аёллар ва вояга етмаганлар бедарак йўқолганлар умумий сонининг камида 70 фоизини ташкил этиб, 7000 нафарга етган. Шунингдек, Ғарбий Соҳилда ҳозирга қадар 117 нафар бола ҳалок бўлиб, 724 нафари яраланган.
Изоҳ (0)