Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода жума намози чоғида муҳожирларни “чет элда эҳтиёт бўлишга, ҳар қандай фитнага аралашмасликка ва ўзини балоларга дучор қилмасликка” чақирди. Бу ҳақда AsiaPlus хабар берди.
“Васваса ва провокацияга берилманг. Сиз Тожикистоннинг хориждаги вакилларисиз. Ватанпарвар бўлинг ва Тожикистоннинг обрў ва шуҳратини мамлакат ташқарисида кўтаришга ҳаракат қилинг”, — таъкидлади Саидмукаррам Абдулқодирзода.
Муфтий айнан нимани назарда тутганини айтмади. Пойтахтдаги “Имом ал-Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби ҳам ўз маърузасида Ватан, ватанпарварлик ҳақида тўхталиб, унга муҳаббат иймон-эътиқоддан эканини таъкидлади.
У ҳар қандай зўравонликни, айниқса дин номидан қилинган ишларни қоралади.
“Жиҳод қилмоқчи бўлсангиз — ота-онангизга ғамхўрлик қилинг, ерингизни ҳимоя қилинг, фарзандларингизга таълим беринг, турмуш ўртоғингизни таъминланг. Бу жиҳоддир”, — деди масжид имоми.
Тожикистондаги мазкур мурожаатлар Москва вилоятидаги Crocus City Hallъда содир этилган теракт ва уни амалга оширишга айбланиб, Тожикистон фуқаролари қўлга олинганидан кейин янграмоқда.
Изоҳ (0)