Тожикистон Уламолар кенгаши раҳбари Саидмукаррам Абдулқодирзода савдогарлардан Рамазон ойида озиқ-овқат нархини оширмасликни, балки арзонлаштиришни сўради. Бу ҳақда AsiaPlus хабар берди.
Абдулқодирзода Рамазон ойида нархларнинг сунъий равишда кўтарилиши савдогарларга “ташвиш, муваффақиятсизлик ва хавотирдан бошқа нарса келтирмаслиги”ни таъкидлади.
Бизда ёғ, ун, мева тақчил эмас, ҳамма омборлар тўла. Биринчи даражали зарур товарлар ва бошқа маҳсулотлар нархини сунъий равишда ошириш, муборак Рамазон ойидан суиистеъмол қилиш катта гуноҳ бўлиб, унинг оқибатлари ҳам ёмон бўлади, — деди Тожикистон муфтийси.
У барча савдогарларни, бозор ва дўконларда ишлаётганларни муборак ойда ҳар куни хайр-эҳсон қилишга, нархларни кўтаришга эмас, балки пасайтиришга чақирди.
Чунки ҳеч бир иш мукофотсиз қолмайди, бу иш яхши ният билан амалга оширилса, яхши мукофот келтиради, – дейди Абдулқодирзода.
Ўтган йилларда ҳам муфтий савдогарлардан Рамазон ойида озиқ-овқат нархини оширмасликни сўраган. Бироқ, бу чақириқ савдогарлар томонидан эътиборсиз қолмоқда.
Тожикистон аҳолиси ҳар йили Рамазон ойида озиқ-овқат нархининг ошишидан шикоят қилади. Улар айрим савдогарлар муборак ойдан товарлар нархини ошириш учун фойдаланаётганидан хавотир билдиради, Рамазондан кейин юқори нархлар деярли пасаймайди.
Изоҳ (0)