Хитойлик муҳандислар ноёб лойиҳага қўл урди. Гуизҳоу провинциясида тоғ иккига бўлиниб, дунёдаги энг баланд кўприк қурилиши бошланди. Бу ҳақда The Independent хабар берди.

Таъкидланишича, Гуизҳоу провинциясида қуриладиган Ҳуажианг кўприги шу қадар баланд бўладики, ҳатто Эйфель минораси ҳам унинг ёнида ҳеч нарса бўлмай қолади. Лойиҳа доирасида соатлаб вақт оладиган тик тоғ йўллари бир дақиқалик текис йўлга қисқаради.
Тоғ нега иккига бўлинди?
Гуизҳоу провинциясининг 92 фоизи тоғ ва жарликлардан иборат. Бу автомобиль ҳаракати учун жуда катта ноқулайлик туғдиради. Шу сабабли муҳандислар узун туннел қазиш ўрнига, бутун тоғ чўққиларини кесиб, уни кўприк автомагистралга айлантиришга қарор қилган. Муҳандисларга кўра, кўприк 625 метр баландликда осилган ҳолатда қурилади. У қуриб битказилгач дунёдаги энг баланд кўприк бўлиши кутилмоқда.
Кўприкнинг ўзи ҳам рекорд даражада катта: узунлиги 2890 метрни ташкил этади. Унинг таянч устунлари ҳам бошни айлантирадиган даражада баланд. Қурилишда 49 минг тонна пўлат ишлатилмоқда. Жараён GPS ёрдамида бошқариладиган кранлар ва шамол сенсорлари орқали назорат қилинмоқда — бундай баландликда ҳатто енгил шамол ҳам хавфли бўлади.
Аввал 70 дақиқа эди, энди — 1 дақиқа
Узоқ ва хатарли 70 дақиқалик тоғ йўли, эндиликда бор-йўғи 1 дақиқа давом этадиган хавфсиз ва замонавий саёҳатга айланмоқда. Бу эса тоғлар бағридаги қишлоқлардан шаҳарга тезкор ва қулай йўл билан етиб олиш имконини беради.
Кўприк 2025 йил охирида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. У нафақат транспорт тизимини соддалаштиради, балки янги туристик масканга ҳам айланиши мумкин. Лойиҳа доирасида ҳудудда экстремал спорт турлари ва ҳаттоки юлдуз кузатув нуқталари ҳам ишга туширилади. Гуизҳоу провинцияси аллақачон “дунёдаги энг баланд кўприклар музейи” номини олган. Янги Ҳуажианг кўприги эса бу “музей”нинг энг қимматбаҳо экспонатига айланади.
Изоҳ (0)