АҚШ президенти Дональд Трамп 8 август куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан Вашингтондаги Оқ уйда учрашув ўтказади. Бу ҳақда манбаларга таяниб, The Washington Post хабар берди.

Учрашув натижасида бир неча йиллардан бери зиддиятда бўлган Озарбайжон ва Арманистон тинчлик келишувига эришиши кутилмоқда. Пашинян 7-8 август кунлари Вашингтонга ташриф буюриши тасдиқланган. Арманистон ҳукуматига кўра, вазир “минтақада тинчлик, фаровонлик ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун” Трамп ва Алиев билан уч томонлама учрашув ўтказади.
Арманистон ва Озарбайжон 2023 йилдан бери тинчлик шартномасини тузишга ҳаракат қилмоқда. Бу Бокунинг Тоғли Қорабоғ ҳудудини ўз назоратига олганидан кейин бошланган. 2025 йил март ойида томонлар тинчлик келишуви лойиҳасини келишиб олганди. Июль ойида Озарбайжон ва Арманистон етакчилари БААда тинчлик музокараларини ўтказган. Бироқ ўшанда ҳеч қандай қарор эълон қилинмаганди. Бунгача икки етакчи фақат воситачилар иштирокида ёки халқаро саммитларда учрашган.
Арманистон ва Озарбайжон март ойида тинчлик шартномасининг лойиҳасини келишиб олган, баҳорда чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, учинчи давлат ҳарбийларини жойлаштирмаслик, халқаро суд ишларини бекор қилиш каби масалаларни муҳокама қилган; томонлар келишув имзоланишидан олдин мавжуд даъволарни кўтармасликни ҳам маъқуллаган.
Изоҳ (0)