Россия Меҳнат вазирлиги мигрантлар билан меҳнат шартномаларини тузиш муддатини икки йил билан чеклашни таклиф қилди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.
Қонун лойиҳасига кўра, иш берувчи Россияда қонуний истиқомат қилувчи 18 ёшдан ошган хорижликларни мақсадли ташкиллаштирилган ишга жалб қилиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолда муҳожир рухсатномага эга бўлиши керак.
Ишга рухсатнома чет эл фуқаросига у билан тузилган меҳнат шартномаси доирасида, икки йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади, — дея “ТАСС” ҳужжат матнидан иқтибос келтирмоқда.
Иш берувчининг илтимосига биноан шартнома узайтирилиши мумкин, акс ҳолда ходим мамлакатни тарк этиши керак. Агар иш берувчи ташкилий ишга қабул қилиш доирасида чет эллик ишчи билан шартномани муддатидан олдин бекор қилса, мигрант 30 кун ичида Россияни тарк этиши ёки мақсадли ташкилий ишга қабул қилиш доирасида янги иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузиши шарт.
Шунингдек, мақсадли ташкилий ишга қабул қилиш доирасида ишлаш учун рухсатнома олган мигрант 30 кун ичида рус тилини билиши, тарих ва Россия қонунчилиги асосларини билишини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак.
Изоҳ (0)