Гаитида ҳокимиятни эгаллаб олган қуролли тўдалар талабига биноан, мамлакат бош вазири Ариел Генри истеъфога чиққанини маълум қилди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Ҳукумат раҳбари ўтиш даври президентлик кенгаши тузилганидан сўнг ўз лавозимини тарк этиши ҳақида гапирган. У Пуэрто-Рикодаги нутқида унинг самолёти аввалроқ чет элга ташрифидан сўнг Порт-о-Пренс аэропортига қўнишда тўсқинликка учрагани, ўзи эса Гаити ташқарисида қолиб кетганини айтган.
Икки ҳафтадирки, қуролли жиноий гуруҳлар Гаити пойтахти кўчаларини вайрон қилмоқда. Улар бир нечта полиция бўлимларини ёқиб юборишган ва 4000 дан ортиқ маҳбусларни озод қилишган, уларнинг аксарияти жиноий гуруҳларга қўшилган. Юзлаб маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган, 15 мингдан ортиғи уйларини тарк этишга мажбур бўлган эди.
11 март куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Гаитидаги Кения бошчилигидаги халқаро тинчликпарвар миссияси учун 100 миллион доллар маблағ ажратилишини маълум қилган. Вашингтон яна 33 миллион долларни инсонпарварлик ёрдами ва “президент коллежи” қурилишига сарфлайди.
Гаитида деярли ўн йилдан бери сайловлар бўлмаган, Ариел Генри ҳам сайланмаган. У 2021 йилда президент Жовенел Моисега суиқасд қилинганидан сўнг лавозимга киришган ва тез орада сайлов ташкил этишга ваъда берган. Бироқ у сайлов амалга оширилмаган ва доимий равишда кечиктирилган.
БМТ маълумотларига кўра, ўтган йил давомида мамлакатда 4700 дан ортиқ одам ўлдирилган.
Изоҳ (0)