Гаити пойтахти Порт-о-Пренсда маҳаллий қуролли гуруҳлар президент саройига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Маълум қилинишича, Ички ишлар вазирлиги биноси ва полиция бўлими ҳам ҳужумга учраган. Шаҳар отишмалар қуршовида қолган, портлаш овозлари ҳам эшитилган. Порт-о-Пренсдаги президент саройи 2021 йил июль ойида президент Жовенел Моис отиб ўлдирилганидан бери бўш.
2010 йилда рўй берган кучли зилзила мажмуанинг катта қисмини вайрон қилиб, кўп қисмини яроқсиз ҳолга келтирган. Бироқ у Гаити федерал маъмуриятининг рамзи бўлиб қолмоқда ва кунига 24 соат қўриқланади.
АҚШ Давлат департаменти Гаитида жиноий гуруҳ зўравонликлари давом этаётгани сабабли Америка фуқароларидан у ерни тарк этишни сўрамоқда.
2 март куни қуролли шахслар миллий қамоқхонага ҳужум қилиб, у ердан 4 минг маҳбусни чиқариб юборганди. Бу Гаити бош вазири бандитизмга қарши курашиш учун халқаро контингентни жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бориш мақсадида Кенияга борганидан икки кун ўтгач содир бўлди.
“Барбекю” лақабли қуролли гуруҳ етакчиси Жимми Шеризе бош вазир Арие Анрига қарши уруш эълон қилган. У ҳужумлардан мақсад Гаити полицияси бошлиғи, ҳукумат вазирларини қўлга олиш ва Анрини ҳокимиятдан ағдариш эканини айтган.
Изоҳ (0)