Европа Иттифоқи июль ойида музлатилган Россия активларидан олинган фойдадан 2-3 миллиард еврони Киевга ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда тегишли манбаларга таяниб, Financial Times хабар берди.
Нашрга кўра, Еврокомиссия Россия активларидан жорий йилнинг февралидан кейин олинган фойдани мусодара қилиш режасини тайёрлаган. 2027 йилга келиб 20 миллиард евро фойда мусодара қилиниши кутилмоқда. Агар ЕИнинг барча давлатлари бу таклифни қўллаб-қувватласа, биринчи транш июль ойида Киевга юборилади. Бу ҳақда ЕИ етакчиларининг мазкур ҳафтада бўлиб ўтадиган саммитида расмий эълон қилиниши режалаштирилган.
Еврокомиссия таклиф лойиҳасига кўра, Брюссел Бельгиянинг Euroclear’даги музлатилган рус активларидан олинган соф фойданинг 97 фоизидан фойдаланишни ва уларни ЕИ бюджетига ўтказишни кутмоқда. Пул ҳар чоракда ёки йилига икки марта тўланади ҳамда турли келишувларга мувофиқ Украина манфаатларига ишлатилиши мумкин.
Euroclear 3,85 миллиард еврога яқин тўпланган фойдани, асосан, Россия билан бўлган суд ишларидан келиб чиқадиган суд харажатларини қоплаш учун сақлаб қолади. Euroclear 2022 йилнинг февралида Россия-Украина уруши бошланганидан бери Россиянинг 190 миллиард еврога яқин активларини музлатиб қўйган эди.
Изоҳ (0)