Россияда ўз ихтисослиги бўйича ишламаган мигрантлардан мамлакатни тарк этиш талаб қилиниши мумкин. Бу ҳақда “Известия” хабар берди.
Россия Меҳнат вазирлиги тегишли қонун лойиҳаси тайёрланаётганини маълум қилди. Ҳужжат ҳукуматнинг стратегик мажлиси якунлари бўйича тайёрланган бўлиб, иш берувчиларнинг мигрантларни танлашини рағбатлантиришга ва устувор ишга қабул қилиш концепциясини мустаҳкамлашга қаратилган.
“Қонун лойиҳасида чет эл фуқаросининг Россияда вақтинчалик ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи махсус ҳужжат яратиш назарда тутилган. Амалда мазкур рухсатнома ҳужжатига мувофиқ мигрант маълум бир иш берувчида ишлашини англатади. Шунингдек, улар учун аванс тўловлари тўғридан тўғри хорижлик мутахассисни ёллаган компания томонидан амалга оширилади”, — дейди Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати.
Таъкидланишича, бу мигрант Россияга келганида, масалан, уни ёллаш харажатлари, жумладан, авиачипталар нархини ўз зиммасига олган қурилиш компаниясида ишлашдан бош тортиши ва иш жойини курерлик хизматига алмаштириш ҳолатларини бартараф этади.
“Бундан ташқари, агар бундай ходим ташкилий ишга қабул қилиш иштирокчиси бўлмаган бошқа корхонада ишлаш истагини билдирса, у 15 кун ичида Россия ҳудудини тарк этиши керак”, — дея аниқлик киритди вазирлик.
Изоҳ (0)