Баъзан дунёнинг арзимас муаммоларига учраганда тушкунликка тушиб, ношукрлик қиламиз. Биздаги кўп неъматлар дунёнинг минглаб, балки миллионлаб инсонлари учун орзу эканини унутиб қўямиз. “Таскин” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони Шамшод Собировнинг ҳаёти ҳам сизни мулоҳазага чорласа ажаб эмас.
— 15 йил аввал учинчи фарзандимга ҳомиладор бўлдим. Ҳаммаси рисоладагидек ўтиб, ўғил фарзандли бўлдим. Яхши ниятлар билан унга Шамшод деб исм қўйдик. Бир ойлик чақалоқлигида кўзида ялтироқ нарса пайдо бўлди. Аввалига унинг нима эканини билмадик. Шифокорлар текшириб кўзидаги ялтироқ нарса хавфли ўсимталигини аниқлашди. Аввалига тушкунликка тушдик, аммо ҳаммаси Аллоҳнинг синови дедим. Чилла даври чиқмай туриб, ўғлимнинг бир кўзини олиб ташлашди. Бир кўзи билан оламни кўраётганидан қувониб юргандик. Аммо олти ёшлигида ҳам худди шундай ўсимта иккинчи кўзида аниқланди. Даволаш имконсиз бўлгани учун шифокорлар иккинчи кўзини ҳам олиб ташлашди. Ўғлим мактабга чиқмай туриб икки кўзидан айрилди. Аммо Аллоҳнинг қудрати билан ўғлимда кучли зеҳн пайдо бўлди. У эшитганини ёдлаб олади, хотираси мустаҳкам. Оиламизда ҳеч кимнинг диний илми йўқ. Болам сабаб биз ҳам секин аста ўрганяпмиз, — дейди Гулруҳ Собирова.
— Мен Бухоро вилоятидаги 24-сонли “Нурли маскан” мактабида ўқийман. Ҳар доим аъло баҳоларга ўқишга ҳаракат қиламан, тарих фанига қизиқаман. Келажакда тарих йўналиши бўйича ўқишни давом эттиришни истайман. Араб тилига қизиқишимга бошланғич синф устозим Дилфуза Ҳамроқулова сабабчи бўлган. У киши мени курсга олиб бориб, илк сабоқни берган. Ундан кейин Фаёз қоридан илм оляпман. Устозларимга раҳмат айтаман, улар сабаб кўп нарсаларни ўргандим, — дейди Шамшод Собиров.
2022 йил Шамшод Собиров оиласига ниҳоятда синовли келди. Унинг икки қўлида ҳам хавфли ўсимта аниқланди ва Тошкентлик шифокорлар зудлик билан қўлларини елка қисмидан олиб ташлаш кераклиги, бўлмаса саратон бутун тана бўйлаб тарқалиши ҳақида огоҳлантиришди. Дунёни қўллари билан пайпаслаб ҳис қиладиган, бармоқлари ёрдамида илм ўрганаётган болакай учун бу даҳшатли хабар эди. Шунда ота-онасига Ҳиндистонга олиб бориш ва жарроҳлик амалиётини у ерда ўтказишни тавсия қилишди. Аммо камтарин ҳаёт кечирадиган оиланинг бунга имконияти йўқ эди. Яхши инсонлар бор бўлишсин, уларнинг молиявий кўмаги билан Шамшод Собировнинг қўллари сақлаб қолинди, бир неча соат давом этган мураккаб операцияда хорижлик шифокорлар қўллардаги ўсимтани игна учида тергандек олиб ташлашди.
Шу кунгача 17 курс олинган кимётерапия натижасида ҳам саратон болакай танасини бутунлай тарк этгани йўқ. Ҳозир ҳам у муолажаларни давом эттирмоқда. Аммо болакай ҳам, унинг оила аъзолари ҳам тушкунликка тушмайди. Келажакка яхши мақсадлар ила интилишмоқда. Шамшод Собиров келажакда тарих фани ўқитувчиси бўлишни ва ўзи каби имконияти чекланган болаларга араб тилидан сабоқ беришни ният қилган.
Изоҳ (0)