Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Бекобод туманидаги “Истиқлол” ва “Баҳор” маданият марказлари 10 йилдан бери қаровсиз ётганини, бу ерга ҳеч ким кириб-чиқмаслигини, аммо штатлар борлиги, ходимлари ойлик олаётганини айтди. Бу ҳақда вилоят раҳбари маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашувида гапирган.
Бекобод туманининг “Бунёдкор” маҳалласидаги “Истиқлол”, “Уяс” маҳалласида жойлашган “Баҳор” маданият марказлари 80 йилда қурилган. Ушбу маданият марказлари биноси авария ҳолатида бўлгани учун 2014 йилдан бери бу залга ҳеч ким кирмайди. Мана ҳолати, — дейди маданият марказлари суратларини кўрсатган ҳоким.
Зоир Мирзаев қаровсиз маданият марказлари айни кунда фойдаланилмаётган бўлса-да, бу ерда ишловчилар борлигини, ҳозирги кунгача маош олинаётганини билдирди.
Иккита маданият марказига ҳам одам кирмайди. Лекин бу ерда штат бор, ойлик олаётган одам бор. Улар нимага ойлик оляпти? Уларнинг ишхонаси қаерда? Ҳеч ким келмас экан, ойлик ёзиларкан. Бу ерда молиявий қонунбузилиши ҳам бор-ку, — дейди вилоят раҳбари.
Ҳоким қаровсиз ва хароба бўлиб ётган маданият марказларини ишга тушириш, у ерга аҳолини жалб қилиш ҳақида гапирар экан, масъуллар “open budjet” лойиҳаси орқали бўлса-да, маданият марказларини таъмирлашга эришишлари кераклигини уқтирган.
Маданият марказларини бир кун ўқитиш керак-да, “open budjet” деган ташаббусли бюджетга киринглар, барака топгурлар. Бу ташаббусда ютса бўлади. Тошкент вилоятига “open budjet” бўйича 800 миллиард сўм маблағ ажратилган. Нимага шу маданият марказига масъул одам шу лойиҳага кирмайди? Маданиятли қилиб, одамларга тарғиб қилса, одамлар жон деб шунга овоз беради. Лекин бунга ҳаракат ҳам йўқ. Ҳеч бўлмаса шунинг бир қисмини, иккита хонасини бўлса-да, таъмирлаб ўша одамни олиб кириб қўйса ҳам бўларди. Бу тарзда эгасиз қилиб қўйиш керак эмас-ку, — дейди вилоят ҳокими.
Изоҳ (0)