Жорий йил кузидан мамлакатда иш берувчи корхоналар иккита мажбуриятдан озод этилади. Янги тартиб 4 август куни имзоланган президент фармонида белгиланган.

2025 йил 1 сентябрдан Ўзбекистонда корхоналар ўзида мавжуд вакансиялар ҳақида бандлик органларига маълумот бериш мажбуриятидан озод этилади. Шу билан бирга, иш берувчилардан бандлик органлари йўлланмаси асосида юборилган номзодларни ишга қабул қилмаганлик учун сабаб келтириш талаби бекор қилинади. Бу ҳолатда иш берувчи маъмурий жавобгарликка тортилишига чек қўйилади.
Бандлик вазирлиги ахборот хизматининг “Дарё”га маълум қилишича, аввалги тартиб таъсирида кўплаб корхоналар ўзидаги бўш иш ўринлари тўғрисида очиқ маълумот беришни истамаган. Сабаби вакант ўринга бандлик марказлари юборган номзодни ишга олиш асоссиз рад этилса, иш берувчи жаримага тортилган.
Мазкур ҳолат бўш иш ўринлари ҳақида ишончли маълумотлар етишмаслиги, меҳнат бозоридаги ҳақиқий талабни таҳлил қилолмасликка олиб келган. Ўз навбатида касбий таълимнинг устувор йўналишларини белгилашда мавҳумликка сабаб бўлган. Янги фармонга асосан ушбу қоида бекор қилинади.
Жорий йил 8 августда президент ўтказган олий таълимга оид йиғилишда ҳам шу масалага қисқа тўхталиб ўтилди. Яъни бюрократия сабаб хусусий сектор бўш ўринларни кўрсатишдан манфаатдор эмаслиги таъкидланган.
Изоҳ (0)