Саудия Арабистонининг “Ан-Насср” клуби ёзги трансфер ойнаси вақти таркибни кучайтириш ишларини давом эттирмоқда. Sky Germany нашри хабарига кўра, риёдликлар “Бавария” ярим ҳимоячиси Кингсли Коман трансфери учун тахминан 30 миллион евро тўлашга тайёр.

“Ан-Насср” 29 ёшли француз футболчисига уч йиллик шартнома таклиф қилган. Клуб раҳбарияти яқин вақт ичида Коман билан келишувга эришишга умид қилмоқда. Шунингдек, риёдликлар унга солиқлардан ташқари йилига 20 миллион евро маош таклиф қилмоқда. Қайд этилишича, “Ан-Насср” бош мураббийи Хорхе Жезус ўтган йили “Ал-Ҳилол”да ишлаган вақтида ҳам Коман билан шартнома имзоламоқчи бўлган. Аммо бу трансфер номаълум сабабларга кўра амалга ошмаган.
Коман Саудия Арабистонига кўчиб ўтиш бўйича бир қарорга келмаган. Франциялик футболчи айни пайтда бу таклиф устида жиддий ўйламоқда. Футболчи ўтган мавсум ҳам Саудия клубларидан таклиф олган эди, бироқ у бу таклифни “Бавария” бош мураббийи Винсент Компани сабаб рад этганди.
- Кингсли Коман “Бавария” сафида салкам 10 мавсум давомида тўп суриб, жами 339 ўйинда майдонга тушган. У бу давр мобайнида ўз ҳисобига 72 гол ва 71 голли узатма ёздириб қўйган.
- Футболчининг Мюнхен клуби билан шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади.
- Transfermarkt портали франциялик вингернинг қийматини 30 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)