Индонезия ҳукумати Ғазодаги урушдан жабрланган 2 минг нафарга яқин фуқарони даволаш учун мамлакат ҳудудидаги бўш турган Галанг оролида тиббий марказ очишини маълум қилди. Бу ҳақда 7 август куни президент матбуот котиби Ҳасан Насби Жакарта шаҳрида журналистларга маълум қилди.

“Биз уруш қурбони бўлган ва тан жароҳати олган Ғазо аҳолиси учун тиббий ёрдам кўрсатамиз”, деди матбуот котиби.
Маълум қилинишича, даволаш ишлари Суматра яқинидаги Галанг оролида бўлиб ўтади. Мазкур оролда илгари Вьетнам урушидан қочганлар учун БМТ томонидан бошқарилган қочоқлар лагери фаолият кўрсатган. Ҳозирда оролда бирорта аҳоли яшамайди.
Индонезия ҳукумати шунингдек, бу жараёнда ярадорларнинг оила аъзоларига ҳам вақтинча бошпана берилишини билдирган. Беморлар соғлиғи тиклангач, уларнинг Ғазога қайтарилиши режалаштирилмоқда, бироқ бу бўйича аниқ сана ёки механизм ҳали эълон қилинмаган.
Эътирозлар ва хавотирлар: “Бу Исроил режаси эмасми?”
Индонезия мусулмон жамоатчилиги орасида бу қарор кескин мунозараларга сабаб бўлмоқда. Мамлакат уламолар кенгаши раис ўринбосари Буя Анвар Аббос бу ташаббусни танқид қилар экан, шундай деди:
“Индонезия Исроил ҳийлаларига алданмаслиги керак. Ғазо аҳолиси айнан ўз юртида даволаниши керак”.
Шунингдек, у Индонезия тарихан 350 йил мустамлака остида бўлган давлат сифатида, ҳар қандай “ширин гаплар” ортидаги ниятни чуқур таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлади. Яна бир йирик диний ташкилот — Наҳдлатул Улама етакчиси Раис Сюриаҳ эса шифохона ташкил этиш қарорига шундай муносабат билдирди:
“Бу инсонлар Ғазо ҳудудига қайта оладими? Қанчадан қанча фаластинликлар ҳали ҳануз ватанга қайтолмаяпти. Бу режа, аксинча, Исроилга яна ер эгаллашни осонлаштириб қўймайдими?”.
Расмийларнинг муносабати
Аввалроқ Axios нашри Исроил разведка хизмати “Моссад” АҚШ ёрдамида Индонезия, Ливия ва Эфиопияга Ғазодан кўплаб фаластинликларни кўчириш бўйича музокара олиб борганини хабар қилганди. Бироқ бу хабарни Индонезия Ташқи ишлар вазирлиги рад этиб, ҳеч қачон бундай режани муҳокама қилмаганини билдирган. Вазирлик Яқин Шарқ инқирозига ечим сифатида икки давлат (Фаластин ва Исроил) тамойилини қўллаб-қувватлашини, ва фаластинликларни мажбуран кўчиришга қатъий қарши эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, Галанг оролида 2020 йилда COVID-19 пандемияси вақтида даволаш учун вақтинча касалхона очилган. Бу орол 1996 йилгача БМТ бошчилигида фаолият юритган қочқинлар лагерига мезбонлик қилган бўлиб, Вьетнам урушидан қочган 250 минг нафарга яқин одам шу ерда вақтинча яшаган.
Изоҳ (0)