Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ҳарбий хизматга бел боғлаган, бироқ таниш-билишчилик сабаб армияга боролмаётган ёшлар билан мулоқот қилишни бошлади. Аввалроқ у ҳарбий хизматга отланган ёшларнинг шифокорлар тамагирлиги сабаб муаммога дуч келаётганини айтиб, бунга қарши курашишини билдирганди.
Ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Қобуловнинг “Дарё”га маълумот беришича, вилоят ҳокимининг мана шундай мулоқоти 17 февраль куни бўлиб ўтган.
Болангизнинг йўлини боғламанг, бир йиллик хизматга бориб келсин. Армиядан бошқача инсон бўлиб қайтади. Менинг таклифим ўғлингизнинг соғлиғи жавоб берса, тиббий кўрикдан ўтса, бир йиллик хизматга юборинг, — дейди ота-оналардан бирига мурожаат қилган вилоят ҳокими.
Ҳоким қабулида бўлган она фарзандини бир йиллик хизматга юбориш учун шарт-шароити тўғри келмаслигини таъкидлаб, шу сабаб ўғлини бир ойлик хизматга юбормоқчилигини, айни кунда ўғли отасига ёрдам бериб, рўзғорга пул топишда кўмак бераётганини айтади. Вилоят ҳокимидан Сафарбарлик чақируви резервида хизмат қилмоқчи бўлаётган ўғлининг шартнома пулини тўлашда ёрдам сўрайди.
Тиббий кўрикдан ўтса, шартнома пулини тўлаб беришда муаммо йўқ. Бир ойлик хизматни ўтаб қайтади. Лекин бир йиллик хизматда бўлиб қайтса, бир йилдан сўнг сиз ўғлингизни уйда олиб қолиб, кўрмоқчи бўлган фойдангиздан ўн карра кўп фойда беради. Сиз ўғлингизнинг йўлини боғлаяпсиз. Чиқариш керак, йўл беринг болага. Илгари келин қиламан дейишса, куёв армияга борганми деб сўрашарди. Йўқ дейишса, қийин бўларди, — дейди Зоир Мирзаев.
Ҳокимлик ахборот хизматининг қўшимча қилишича, мулоқотда вилоят ҳокими, ҳарбий прокуратура ва мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этган.
Изоҳ (0)