Эрон ҳукумати 9 август куни “Ҳизбуллоҳ” жангари ҳаракатининг қуролсизлантирилишига қарши эканини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоминаийнинг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Али Акбар Валояти баёнот берди.

“Эрон Ислом Республикаси ‘Ҳизбуллоҳ’нинг қуролсизлантирилишига қатъиян қарши. Эрон доим Ливан халқи ва қаршилик ҳаракатини қўллаб-қувватлаб келган ва бу ёндашув давом этади”, деди Валояти.
Олдинроқ Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш ҳақида қарор чиқаргани маълум қилинганди. Унга кўра, мамлакат армиясига йил охиригача ҳаракатнинг ҳарбий қудратини камайтириш ва барча қуролларни давлат назоратига ўтказиш бўйича режа тузиш топшириғи берилган.
Ҳукумат бундай чораларни Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида бўлиб ўтган сўнгги тўқнашувдан сўнг қабул қилган. Бундан мақсад ҳаракатнинг сиёсий таъсири ва ҳарбий кучини сезиларли даражада камайтиришдан иборат.
АҚШ ва Исроил аралашуви
Валоятининг таъкидлашича, қуролсизлантириш ташаббуси АҚШ ва Исроилнинг аралашуви натижаси бўлиб, Ливанда аввал ҳам шунга ўхшаш режалар бўлган, аммо улар муваффақиятсизликка учраган.
“Бу каби Ливанга қарши режалар илгари ҳам ишлаб чиқилган. Улар қандай амалга ошмаган бўлса, бу ҳам худди шундай натижа бермайди. Қаршилик ҳаракати ўз позициясида собит қолади”, деди Валояти.
“Ҳизбуллоҳ” қуролсизлантиришни “катта гуноҳ” сифатида баҳолади
“Ҳизбуллоҳ” ўзининг расмий баёнотида Ливан ҳукуматининг бу қарорини “оғир хато ва катта гуноҳ” деб таърифлаб, бу “ҳеч қачон бўлмаган” деб ҳисобланишини билдирган. Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббос Ароқчи вазиятга шундай муносабат билдирган:
“Қуролсизланиш борасида қарорни ‘Ҳизбуллоҳ’нинг ўзи қабул қилади. Эрон масофадан туриб қўллаб-қувватлайди, аммо аралашмайди”.
Маълумот учун, “Ҳизбуллоҳ” Эроннинг “қаршилик ўқи” — минтақадаги қуролли гуруҳлар тармоғининг бир қисми бўлиб, Ғазодаги ҲАМАС ва Яманнинг ҳусий жангарилари Исроилга қарши курашда бирлашган. Собиқ президент Башар Асад бошчилигидаги Сурия ҳам занжирнинг асосий бўғини ҳисобланарди. Лекин Асаднинг 2024 йил декабрда ҳокимиятдан четлатилиши минтақадаги вазиятни ўзгартириб юборган.
Изоҳ (0)