Россия Мудофаа вазирлиги рус қўшинлари Авдеевкани тўлиқ назоратига олгани ва 8,6 километр масофани босиб ўтганини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Россия ҳарбийлари Авдеевкада босиб олган Украина ҳудудининг умумий майдонини 31,75 квадрат километр деб баҳоламоқда. Украина ҳарбийлари шаҳардан олиб чиқиб кетилгандан сўнг руслар Авдеевкани эгаллаб олганини эълон қилди.
Россия мудофаа вазир Сергей Шойгу мамлакат раҳбари Владимир Путинга Авдеевка тўлиқ назоратга олингани ҳақида хабар берган. У сўнгги 24 соат ичида шаҳар учун жангларда Украина йўқотишлари 1,5 минг ҳарбий хизматчидан ошганини айтмоқда.
“Россия қўшинларининг узлуксиз ўт очиши таъсири остида фақат украиналик жангчиларнинг алоҳида тарқоқ бўлинмалари қуроллари ва ҳарбий техникаларини ташлаб, шошилинч равишда Авдеевкани тарк этди. Ҳозирда шаҳарни Украина жангчиларидан тўлиқ тозалаш чоралари кўрилмоқда”, — дейди у.
17 февраль куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Украина қўшинлари Россиянинг бир неча ойлик шиддатли ҳужумларидан сўнг қуршовга тушмаслик учун Авдеевкадан чекинганини айтди.
Ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти биринчи ўринда туради. Биз барибир Авдеевкани қайтарамиз, — деган Сирский.
2024 йил 15 февралда рус қўшинлари Авдеевканинг асосий кириш қисмини эгаллаб олди. Кейинроқ Тhе Washington Post Украина қўшинларини шаҳардан қисман олиб чиқишни бошлагани ҳақида хабар берди. 16 февраль куни Украина Қуролли кучларининг “Таврия” оператив-стратегик гуруҳи қўмондони Александр Тарнавский ҳам Украина қўшинлари Авдеевкадан чекинишини маълум қилди.
Изоҳ (0)