Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2023 йилда хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан ходимлари қандай совғалар қабул қилгани ҳақида маълумот берди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги реестридан ўрин олган қиймати БҲМнинг 4 (тўрт) бараваридан ортиқ совғалар агентлик балансига кирим қилинган ва айни пайтда агентлик музейидан жой олган.
Унга кўра, ўтган бир йил ичида 33 миллион 736 минг сўмлик 26 та совға агентликка ҳадя қилинган. Уларни ташкилот директори Акмал Бурҳонов, раҳбар ўринбосарлари Умида Тўхташева, Умед Мавлонов ва бошқа ходимлар қабул қилган.
Ҳадяларнинг аксарияти рамзий сувенир ва деворга осиладиган буюмлардир. Уларнинг ичидан қиймати юқори бўлган совғалар Қатар расмийлари томонидан берилган. Хусусан, 4,8 миллион сўмлик Ал-Зубара қалъа шаклидаги сувенир ҳамда бошқа бир рангли сувенирни Қатар Коррупцияга қарши курашиш ва қонун устуворлиги маркази ҳамда Бош прокуратураси берган.
Қатарнинг Давлат аудит бюроси совға қилган лаган эса 2,4 миллион сўмга баҳоланган. Мамлакатнинг Маъмурий назорат ва шаффофлик идораси берган, Қатар ҳамда Ўзбекистон давлатлари байроғи акс эттирилган, металлдан ясалган кема шаклидаги сувенир 2,5 миллион сўм туради. Уларнинг барчаси агентлик раҳбари Акмал Бурҳоновга ҳадя қилинган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили апрель ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари томонидан 2023 йилга қадар хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан қабул қилинган совғалар бўйича Совғалар реестрини шакллантирилганди.
Изоҳ (0)